Антуан Гризманнинг кўча тозаловчи отаси ҳақида
Антуаннинг қўлга киритган ютуқларида пенсияга чиққунча фаррош бўлиб ишлаган отасининг ҳиссаси беқиёсдир
Неймарларга буни кўрсатманг.
Бу ёзда «Барса» Гризманн учун 120 миллион евро миқдорда пул тўлаб, франциялик футболчининг дунёдаги статусини янада кўтариб юборди. Назаримизда биз Антуан ҳақида барча нарсани биламиз (масалан, Netflix томонидан ишланган ҳужжатли фильм орқали), бироқ унинг ҳаётидаги энг муҳим инсон ҳақида ҳамма нарсани ҳам билмаймиз.
Мухлислар кўплаб футболчиларнинг оила аъзолари ҳақида баъзи маълумотларга эга. Масалан, Адриан Рабьонинг онаси ва Неймарнинг отаси фарзандларнинг агенти вазифасини бажаришади: клубдан пул «ундуришади» ва матбуотда жанжаллар уюштиришади. Биз бундай ҳолатларга ўрганиб қолганмиз ва машҳурларнинг ота-оналари бошқача бўлиши мумкинлигини ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Бироқ ҳар доим ҳам бундай эмас. Ёрқин мисол – Ален Гризманн, Антуаннинг отаси. У хали ҳам Францияда жойлашган кичик балиқчилик шаҳарчасида истиқомат қилади, яқингача ҳам фаррош бўлиб ишлар, бўш вақтида болаларни шуғуллантиради.
Унинг отаси Антуан учун тахтадан дарвоза ясаган ва «Лион» юлдузи билан учрашув ташкил этган.
Антуан Лиондан 70 километр узоқликда жойлашган Макон шаҳарчасида таваллуд топган. Унинг отаси Ален шаҳар кенгашида хизмат қилганлиги сабабли, оиласи (Антуаннинг опаси Мод ва акаси Тео бор) қулайгина икки қаватли уйда яшаган. Неймарнинг отаси каби, Аленнинг ҳам асосий муҳаббати футбол эди. Ўсмирлигида «Макон» таркибида бир қанча муддат ўйнаган, карьерасини тугатгач кечки пайт маҳаллий мактабда таълим олаётган 13 ёшли болаларни шуғуллантирган.
Гризманнлар оиласининг энг севимли кичкинтойи – Антуан эди. Оилада барчанинг ўзига яраша роли бўлган: унинг онаси бўлажак «кичик шаҳзода» учун қайғурар, опаси Мод кўп ҳазиллашар, акаси Тео укаси билан кўча кезиб, бирга футбол ўйнар эди. Бироқ айнан отаси Антуаннинг ҳаёти учун муҳим «кашфиёт» қилган.
Ален болакай доим тўп билан овворалигини кўриб, унга тахтадан дарвоза ясаб берган эди. Отаси уни баскетбол майдони рўпарасига ўрнатиб берди – кейинги бир неча йилни Антуан Тео билан биргаликда соатлаб вақтини шу ерда сарфлар эди. Ҳозир бу жой бошқа шаҳарлардан келган туристлар орасида зиёрат қилиниши бўйича биринчи ўринда туради (иккинчиси – Шимолий стадион, у ерда ҳам Гризманн тўп сурган, бироқ сал кейинроқ).
Ален 5 ёшга тўлган фарзандини стадионларга олиб боришни бошлади. Улар биргаликда «Марсел» (йигитчанинг хонасида узоқ вақт давомида «Велодром» стадионининг расми турар эди) ва «Монпелье» ўйинларига ташриф буюришарди. Аммо Антуаннинг қалбини «Лион» эгаллади – «Жерлан»га бир маротаба ташрифнинг ўзи бунга кифоя қилди. «Лион» Францияда етакчилик қилар, 2003 йилга келиб икки маротаба «Лига 1»да ғолибликни қўлга киритган эди. Шу кундан бошлаб ота-ўғил биргаликда «Лион»нинг уй учрашувларини қолдирмас, баъзида Ален фарзандининг кўнгли ўксимаслиги учун ишдан рухсат олишига тўғри келар эди.
Антуан «Лион» клуби юлдузи Сонни Андерсоннинг мухлиси эди: ўйинда бразилияликка ўхшашга интилар эди ва ётоғи устига унинг суратини илиб қўйган эди. Гризманн 10 ёшга тўлганида, отаси у учун ақл бовар қилмас совға тайёрлаган эди – Андерсон билан ўғлининг учрашувини уюштирди. У дўсти ва «Лион»нинг физиотерапевти Патрик Перредан илтимос қилиб бразилияликни Пиза саройи ёнига келишини илтимос қилди. У ерда эса Гризманнлар оиласи биргаликда туғилган кунни нишонлаётган эдилар.
«Мен ҳеч қачон Антуанни бу қадар бахтли кўрмаган эдим, - эслайди онаси Изабел. – У отаси билан шундоқ ҳам кўп вақтини ўтказар эдим, бироқ бу совға уларни янада яқинлаштирди».
Гризманн футболда профессионал бўлишни истар эди – беш ёшиданоқ «Макон» академиясида шуғулланар эди (у ерга отасининг ёрдамисиз олишган – мураббийларга унинг техникаси хуш келганди). Антуан ҳаттоки кундалик юритиб, унга бир кун келиб юлдуз сифатида Canal+ га қандай интервью беришини ҳам ёзиб қўйган эди.
Аммо орзусининг амалга ошиши йўлида жуда кўп машаққатлар бор эди.
Гризманнинг бўйи пастлиги сабабли унга бир неча академиялар рад жавобини берди. Фақатгина отаси ўғли учун курашди.
Антуаннинг бахтли болалигини булғай оладиган ягона нарса – унинг паст бўйи эди; у доим шериклари ёнида кичикроқ бўлиб турар эди. «Макон»нинг мураббийлари йигитчани дрибблинг ва тезлиги учун доим мақташсада, асосий таркибга новчароқ, бақувватроқ йигитларни қўйишар эди.
Гризманн 2004 йилда Ален шуғуллантирадиган U-13 жамоасида ўйнай бошлади. Ўғлининг шаштини туширмаслик учун, жаноб Гризманн уни жамоа сардори этиб тайинланди. «Мен сенга ишонаман, ўғлим, - деди Ален. – Сен жамоадаги энг яхши ўйинчисан». Мураббий отаси уни илҳомлантира олди ва Антуан ўзининг ҳаётидаги энг омадли мавсумни ўтказдириб, маҳаллий U-13 лигада 30 ўйинда 60 гол уришга эришди.
Фарзандининг ўйини Аленни ҳайратга солди ва у ўғлининг карьераси учун курашишга киришди. У 2005 йилнинг ёзида Антуан учун яхшироқ футбол мактаби қидиришга киришди. Неймарнинг отасидан фарқли ўлароқ, у бонуслар ёки махсус статусни истамади, шунчаки унинг ўғлини кучли академия қабул қилишини орзу қилар эди, холос.
Ота-ўғил «Сошо», «Сент-Этьен», «Метц» ва «Осер»га боришди, бироқ ҳар ерда нимадур ўхшамай қолар эди. «Сент-Этьен» кучли қор сабабли танловни бекор қилган бўлса, «Сошо»га Гризманннинг бўйи ёқмади.
Ҳар гал рад жавобини олгач, ота-бола уйга кеч кирганда ёмон кайфиятда қайтишар эди. Одатда Ален фарзандининг кайфиятини кўтаришга уринарди: йўл бўйидаги дўкондан унинг севимли таомини олиб берар ва бўлажак карьера ҳақида орзу-умидларини бўлишар эди. «Бу тентаклар ҳеч нарсани тушунишмайди, сен хали терма жамоада ўйнайсан!» – ишонтирар эди Ален.
«Мен ўзимни тутишга ҳаракат қилардим, ўзимга мураббийлар мени олмаслиги учун сабаб бор дея таъкидлагандим, - дея эслайди Антуан. – Бироқ ҳар бир рад жавобидан сўнг ҳолат оғирлашар эди. Кайфиятим шу қадар тушар эдики, кейинги танловларга боришни истамай қолар эдим – мен олдиндан қандай жавоб олишни билар эдим. Агар мени отам қўллаб турмаганида, мен аниқ бундан воз кечган бўлардим».
Гризманнга энг қаттиқ таъсир қилган ҳолат «Метц»нинг рад жавоби бўлди.
Антуан ҳар доимгидек отаси билан танловга келди ва Миралем Пьянич етакчилик қиладиган U-13 жамоаси билан бирга ўйнади. У академия директорлари – Муэ ва Перренни хайратга солди. Аммо уларга Антуаннинг бўйи ёқмади, шунинг учун қуйидаги вариантни беришди – форвард улар билан иш кунларида шуғулланса, дам олиш кунларида «Макон» билан билан машғулотлар олиб боради.
Антуан уйга олиб борадиган олти соатлик йўл давомида ўз қувончи ҳақида гапириб борди. Кейинги куни эса бу бахт ўз якунини топди – академия ўз таклифидан воз кечганлиги ҳақида хабар берилди. Антуан бу хабарни эшитганида йиғлаб юборди.
Йигитчанинг яқинлари уни овутишга киришишди, аммо бу сафар ҳеч нарса унинг кўнглини кўтара олмади. Бунга гувоҳ бўлган Ален ўғлига албатта жамоадан ўрин топишга қарор қилди. «Мен ваъда бераман, уларни фикридан қайтаришга мажбур қиламан!» – қасам ичди Антуанга.
Ален жахл устида Муэ ва Перренуга қўнғироқ қилди ва бир неча соат давомида уларга тушунтиришга ҳаракат қилди. Кейин эса директорларга Антуан қўлининг рентгенини юборди ва у физик ўсишда атиги бир йилга ортда эканлигини исботлади. Унга ҳеч қандай жавоб келмагач, Ален «Метц»га хат юборди: «Сизнингча, ўғлим жуда кичкинами? Майли, бир неча йилдан сўнг нима бўлишини кўрамиз!»
Бир неча ойдан сўнг мўъжиза содир бўлди – Париждаги турнирда Антуан испан скаути Эрик Ольатс эътиборига тушди. У йигитча учун «Реал Сосьедад»да танлов уюштириб берди – натижада Антуанни клуб академиясига қабул қилишди. Гризманн уйидан 900 километр узоққа кўчиб кетишига, йилда бир неча марта оиласини кўришига тўғри келди. «Netflix»нинг ҳужжатли фильми буни жуда яхши очиб бера олди.
Бундан кейин нима бўлганлигини жуда яхши биласиз.
Яқиндагина ҳам Ален фаррош бўлиб ишлар эди. Жаҳон чемпионатидаги ғалабадан сўнг, Гризманн отасини кийиниш хонасига чақирди, «Барса»га ўтганидан сўнг биринчи бўлиб унга қўнғироқ қилди.
Антуаннинг уйдан кетганига 14 йил бўлди. Гризманнинг ота-онаси ўғлини ҳаётдагидан кўра, телевизорда кўпроқ кўришади ва хали ҳам Маконда яшаб келишмоқда. Илк йилларда, Антуан ҳар бир дам олиш пайтларида уйига келиб кетар эди, «Атлетико» га трансфер ҳамда оила қурганидан сўнг (унинг рафиқаси ва икки қизи бор) у Маконга йилда бир маротаба ёш футболчилар орасида бўлиб ўтадиган Гризманн Кубогига келади.
Гризманн – супер юлдуз, лекин унинг ота-онаси оддий ҳаёт кечиришади. Ален ўзи тушунмайдиган агентликни ҳам истамади. Яқинда ҳам у фаррош бўлиб ишлар эди. Ўғлини Евро-2016 да кўриш учун икки ҳафталик таътил олган эди. «Ален ростдан ҳам ўғлини қўллаб-қувватлаш учун таътилга чиқди, - дея таъкидлади унинг ҳамкасби Аннис Ле Темпс. – 12 июлда эса у ишга қайтади, мен эса дам оламан». 2017 йилда Ален нафақага чиқди, эндиликда эса Макон мактабида U-13 жамоасига мураббийлик қилмоқда.
Ота ва ўғилнинг ўртасидаги муносабат хали ҳамон яхши. Улар ҳар бир ўйин олдидан қўнғироқлашиб туришади. Ален Франция чемпионатини томоша қилмаса ҳам, «Соседад» ўйини олдидан барча ишларини ташлаб, телевизор қаршисига келиб ўтирарди. «Антуан хали ҳам менинг ўғлим, - дейди Ален. – У уйга қайтганда, супер юлдуздан оддий маконлик йигитга айланади. Биз ҳар қандай мавзуда суҳбат қурамиз».
Антуан ҳам отаси ҳақида унутгани йўқ. 2017 йилнинг 9-сентябрида Аленнинг юбилейида бир неча кунга Маконга меҳмонга борди. Ален учун бунданда яхши совға бўлмаса керак.
2018 йилда Гризманнлар оиласи Антуанни қўллаб-қувватлаш учун Россияга келишди: Франциянинг ҳар бир учрашувига ташриф буюришди, Ален эса параллель равишда инстаграмга ажойиб расмлар жойлаштирди.
Жаҳон кубогидаги мувафаққиятдан сўнг, отасига миннатдорчилик билдириш вақти келди. Ғалабадан сўнг, у Диего Симеонега қўнғироқ қилди, ундан кейин эса отаси билан биргаликда мазкур байрамни нишонлади: уни ечиниш хонасига таклиф қилди (француз оммавий ахборот воситалари катта Гризманнинг қучоғида Жаҳон кубогининг суратини эълон қилишганди). Эртасига эса Елисей майдонига боришди. У ерда эса Франция президенти Макрон билан биргаликда ғалабани нишонлашди.
Қизиқарлиси, Ален ҳаёти давомида бирор марта ҳам Елисей майдонида бўлмаган ва у ўз ҳиссиётларини яширмади: «Бу ҳаётимдаги энг яхши кун! Мен ўғлим билан фахрланаман, бироқ оддий ишчи ғалабани президент билан нишонлаётганлиги мени таажжублантирди».
Шу йилнинг ёзида Гризманнга яна руҳий қўллаб-қувватлаш зарур эди – «Барса»га ўтиши сўроқ остида бўлиб қолди ва мазкур трансфер исталган пайт йўққа чиқиши мумкин эди. «Мен уйда ўтириб, агентимдан қўнғироқ кутар эдим, - эслайди Антуан. – У трансфер амалга ошиши ҳақида хабар бериши биланоқ, мен хурсандлигимдан турган жойимда сакраб юбордим ва отамга қўнғироқ қилдим».
Ален унданда кўроқ хурсанд бўлди, чунки у ўғлининг футболчилик фаолияти қандай қийин босқичлардан иборат бўлганини билар эди – Франциянинг ҳеч бир академияси қабул қилмаганлиги сабабли йиғлаётган болакайдан, то «Барселона» ўйинчисигача. Ҳис-туйғуларини жиловлай олмагач, у йиғлаб юборди. “Бу у учун чўққидир. «Барса» – яхшилар ичида энг яхшисидир, мен Кройфф ва Стоичков давридан бери ушбу жамоани кузатаман. Мен ўғлимдан қанчалик фахрланишимни изҳор қилиш учун сўз топа олмайман”, - дея гапириб берди бир кун ўтгач Ален Гризманн.
«Барса»даги илк видео ролигида эса Гризманн отасининг ўгитини ёдга олди: «Ёшлигимда отам ҳаётда поездлар кўп маротаба ўтиб кетиши ҳақида айтган эди. Ҳозир эса мен учун тўғри йўлни танлаб, янги оқим бўйлаб кетиш вақти келди».
Ален, албатта, ўғлининг «Барса»даги тақдимотига келди. Ота қўлидан келган барчасини қилди, умид қиламизки Антуан ишончни оқлайди.
Фикрлар