"АрМИ-2022". Рекорд ўрнатиш бўйича рекордли ғалаба

Шу кунларда Халқаро армия ўйинларининг аксарият мусобақалари якунланиб, турли мамлакатларга кетган ҳарбий хизматчиларимиз ғалабалар билан юртга қайтмоқда. Марказий ҳарбий округ “Фориш” полигонида бўлиб ўтаётган “Қуролсоз уста” мусобақасининг ҳам сўнгги босқичи бўлиб ўтди.

“Таъмирлаш взводининг мажмуавий эстафета”сида бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси жамоалари беллашдилар.

Шартга кўра, дастлаб 15 нафардан иборат ҳарбий хизматчилар эстафета кўринишида навбати билан таъмирлаш полигонидаги 5,45 миллиметрли АКС-74 автоматини, гранатамёт, “Беретта” пистолети, Д-30 гаубитсаси, зенит қурилмаси ва реактив артиллерия қурилмасини тўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, ушбу қуроллардаги носозликларни аниқлаб бартараф қилиш, шунингдек, ўқотар қуроллардан узоқлиги 600 метр масофадан иборат отиш маррасига югуриб бориб, майдонда пайдо бўлувчи сунъий нишонларни яксон қилиш ва артиллерия қурилмаларидан пахтавон ўқ-дорилар отиш билан шартларни бажаришди.

Ўтказилган мусобақа натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси 54 дақиқа 24 сония натижа билан биринчи, Россия Федерацияси терма жамоаси 1 соат 11 дақиқа 24 сония натижа билан иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақа майдони росмана тантана тусига кирди. Шу билан истиқлолимизнинг тантаналари арафасида юртдошларимизга яна бир олтин медал туҳфа этилди. Узоқ-яқиндан келган ҳарбий хизматчиларнинг яқинлари қувончдан тўлқинланиб, ғолибларни қутладилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Қуролсоз уста” терма жамоаси ушбу мусобақанинг барча босқичларида биринчиликни қўлга киритиб, олтита рекорд ўрнатиб, номинацияларнинг ҳаммасида ғолибликни ўзида сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!