“АрМИ—2022”: “Ишончли қабул” жамоамиз шоҳсупада

Халқаро армия ўйинларининг “Ишончли қабул” мусобақаси ҳарбий алоқачилар маҳоратини синовдан ўтказади. Мазкур йўналишдаги беллашув жорий йилда Беларусь Республикаси Минск шаҳридаги “Уруче” полигонида ўтказилди.

Унда дунёнинг 13 давлатидан келган жамоалар жами 5 та: радио мўлжал, ишончли қабул, радио алмашинув, IT қурилмаларида ишлаш ва қўмондонлик штаб машинасида ҳарбийлаштирилган эстафета шартлари бўйича ўзаро беллашди. Эркаклар ва аёллардан таркиб топган ҳарбий алоқачиларимиз мусобақада ўз билим ва маҳоратларини намоён этиб, якунда фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Биринчи ўрин мезбон давлат – Беларусь жамоасига насиб этган бўлса, россиялик ҳарбий алоқачилар 3-ўринга лойиқ кўрилди.

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга кубок, диплом ва медаллар топширилди. Эътиборлиси шундаки, ўзбекистонлик иштирокчиларнинг салоҳияти, ғалабага бўлган иштиёқи алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шундай қилиб, ҳарбий алоқачиларимиз “АрМИ—2022” беллашувларида она Ватанимизга навбатдаги медалларни тақдим этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳарбий жамоаси ушбу йўналишдаги баҳсларга ўтган йилдан бошлаб қўшилиб, илк иштирокданоқ 3-ўринни банд эта олган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!