“АрМИ—2022”: “Хавфсиз муҳит”да ғалаба. Ўзбекистон жамоаси яна бир олтин медални қўлга киритди
25 август куни Марказий ҳарбий округнинг “Сазаган” дала-ўқув майдонида ўтказилаётган “АрМИ—2022” Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Хавфсиз муҳит” мусобақасининг сўнгги — “Эстафета” баҳслари ўз якунига этди.
Ушбу босқичнинг шартларига кўра, ҳар бир жамоадан иккитадан экипаж қатнашиб, дастлаб биринчи экипаж айланаси 4 километр 700 метр узунликда тикланган турли тўсиқлардан иборат йўлак бўйлаб ҳаракатланишлари талаб этилди.
Радиацион кимёвий-биологик муҳофазаси бўйича мутахассисликка эга бўлган ҳарбий хизматчилар ҳимоя кийими ва газниқобда даставвал зирҳли техникаларда босиб ўтиш учун мўлжалланган турли сувли тўсиқлар, тик бурилишлар, чуқурлик, баландликларда манёврчанлик билан ҳаракатланиб ҳайдовчилик маҳоратларини намойиш этишди. Шунингдек “Пойга йўлагида” иштирокчилар қисқа муддатда зарарланган ҳудуддаги заҳарли модданинг турини аниқлашлари лозим.
Техникаларда амаллар бенуқсон бажарилгач, иштирокчилар “Оловли ишғол” йўлагида ҳаракатларини пиёда давом эттирдилар. Ушбу майдон том маʻнода жисмоний чидамлилик ва матонатни синовдан ўтказади. Жанг майдонига яқин муҳит яратилган ҳудуд бўйлаб бир-биридан мураккаб тўсиқларни босиб ўтган иштирокчилар финиш чизиғида ўзларининг кейинги экипаждаги жамоадошларига қуролларидаги ўқдонни узатадилар. Ўқдонни қуролига жойлаган навбатдаги экипажлар зудлик билан баҳсга киришиб, улар ҳам худди шу амалларни такрор бажарган ҳолда финиш чизиғини босиб ўтдилар.
Барча тўсиқларда бенуқсон ҳаракатланган жамоамиз вакиллари марра чизиғини 29 дақиқа 59 сонияда кесиб ўтган ҳолда рақибларини ушбу босқичда ҳам йирик ҳисобда ортда қолдириб, мутлақ ғалабага лойиқ эканликларини исботлашди.
Мусобақанинг умумий натижаларига кўра, иккинчи ўринни Россия ва Беларусь жамоалари, учинчи ўринни Хитой ва Вьетнам жамоалари, Эрон жамоаси эса тўртинчи ўринни банд этди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фикрлар