"Арсенал" раҳбарлари "Реал" ва ПСЖ сўраган футболчига даҳшатли нарх белгилади
«Арсенал» жамоасида тўп сурётган марказий ҳимоячи Вильям Салиба атрофида трансфер бўйича жиддий қизиқиш кучайган. Caught Offside нашрининг ёзишича, футболчини «Реал Мадрид», ПСЖ ва «Барселона» диққат билан кузатиб бормоқда.
Манбага кўра, лондонликлар ҳозирча ҳеч қандай музокара бошлаш ниятида эмас. Клуб раҳбарияти фақат 150 миллион евро атрофида таклиф тушса, столга ўтиришга тайёр. Шу боис, бу миқдор «Барселона» учун деярли имконсиз деб баҳоланмоқда.
«Реал» ва «ПСЖ» молиявий жиҳатдан яхшироқ имкониятларга эга, аммо шунга қарамай, «Арсенал» Салибани ушбу жамоалардан ҳеч бирига сотмаслиги мумкинлиги таъкидланмоқда. Лондон клуби француз ҳимоячисини жамоанинг узоқ муддатли лойиҳасида асосий фигура сифатида кўрмоқда.
Ўтган мавсумда Салиба барча мусобақалар доирасида 50 та ўйинда майдонга тушди, бир гол урди ва бир голли узатма амалга оширди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзигача мўлжалланган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда футболчининг бозор қиймати 100 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Фикрлар