Артета Томас Франкни қўллаб-қувватлади: "Натижа бўлмаса, ишни давом эттириш қийин"
"Арсенал" бош мураббийи Микель Артета "Тоттенхэм" томонидан ишдан бўшатилган Томас Франк ҳақида фикр билдирди.
"Ҳамкасбинг ишини давом эттира олмаслиги ҳақидаги янгиликлар ҳар доим жуда ачинарли. Чунки Томас — ажойиб мураббий, зўр инсон ва буни АПЛда аллақачон исботлаган.
Аммо биз ўз ҳолатимизни яхши биламиз. Биз фақат ўйин учун эмас, натижа учун ҳам жавобгармиз. Натижалар тақдиримизни белгилайди. Кўп ғалаба қозониш керак, чунки охир-оқибат агар бундай бўлмаса, ишингни давом эттира олмайсан — касбимиз ҳақиқати шу.
Ҳар бир клубда вазият турлича, аммо доим сабр-тоқат масаласи бор. Мен фақат Франк ҳақида ва мураббий сифатида билганларим ҳақида гапира оламан. У билан кўп бор тўқнаш келганман, у жамоаларини қандай тайёрлашини ва "Брентфорд"да нималарга эришганини биламан. Ёки мавсумолди йиғинида "Тоттенхэм"га қарши ўйнаганимизда жамоаси қандай кўринганини эслайман — у катта таассурот қолдирган.
Аммо бу лигада рақобат жуда юқори. Барчамиз хавф остидамиз, чунки исталган рақиб исталган пайт сени мағлуб этиши мумкин. Бу билан курашиш осон эмас", — деди "Арсенал" бош мураббийи.
Фикрлар