Асрор Алиқулов:
Ads

Сўнгги пайтларда «Машъал» жамоасида бош мураббий ўзгариши ҳақидаги хабарлар авж олганди. Бунинг натижасида 10 йил давомида клубда ишлаган россиялик мутахассис Александр Хомяков жонажон жамоаси билан хайрлашди ва у «Андижон» бош мураббийига айланди. Муборакликлар эса Александр Андреевичнинг ўрнига қайси мураббийни тайинлаш борасида ортиқча қийинчиликка дуч келишмади. Боиси, январь ойида «Машъал»да иш бошлаган ва бош мураббийга ёрдам бериб келаётган Асрор Алиқулов Хомяковнинг ўрнини эгаллади.

40 ёшли Асрор Чориевичнинг мураббийликни бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. У бунга қадар Ғузорнинг «Шўртан» клубида, аввалига ўринбосарлар жамоасини, кейин эса асосий жамоани бошқарди. Лекин Алиқуловнинг у ердаги фаолияти узоққа чўзилмаганди. Шундан кейин мураббийлик ўқув-курсларида ўқиди ва бугунги кунда «А» лицензиясига эга ҳисобланади. Шу йилнинг январь ойида эса «Машъал»дан тушган таклифни қабул қилиб, Муборакда иш бошлаганди. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, Алиқулов футболчилик фаолиятини айнан «Машъал»да бошлаган.

- Асрор Чориевич, Александр Хомяков «Машъал» билан хайрлашганидан кейин унинг ўрнига сизни бош мураббий этиб тайинлашди. Бу вазифани бажаришга тайёр эдингизми?

- Мураббий ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳамма нарсага тайёр бўлиши керак. Александр Андреевичга Суперлиганинг бир қатор жамоалари қизиқиш билдиришаётганидан хабаримиз бор эди. Чунки у билан ҳар куни бирга ишлардик ва шу боис воқеалар ривожидан хабардор бўлиб тургандик. Бир жамоада 10 йил ишлаш ҳам катта муддат. Албатта, уни ҳам Суперлигада ишлагиси келарди ва бу нарса Хомяковда сезилиб турарди. Натижада ўзига келиб тушган таклифлардан ўзи учун энг маъқулини танлади. «Андижон» жамоасида ишлаётган мураббийлар илгари «Машъал»да ишлаб кетишган. Балки шу нарса ҳам унинг андижонликларнинг таклифини қабул қилишга ундаган бўлса ажаб эмас. Энди «Машъал»га фойдам тегиши учун бор кучимни ишга соламан.

- 10 йил давомида Хомяков «Машъал»га ўзининг тактик услубларини сингдира олганди. Ҳамма унинг бошчилигидаги жамоанинг ўйин чизгисини биларди. Сиз эса Александр Андреевичнинг ўрнини эгаллаган мураббий сифатида айтинг-чи, унинг ишлаб чиққан тизими бўйича ишни давом эттираверасизми ёки ҳаммасини бошидан бошламоқчимисиз?

- Бу йил «Машъал»га янги қон қуйиляпти десак ҳам бўлади. Ўтган йилги таркибдан аксарияти Суперлига клубларига бериб юборилди. Уларнинг ўрни эса асосан ёшлар билан тўлдирилди. Хомяков неча йилдан бери клубда ишлаган бўлса, жамоага унинг тактик услублари сингиб кетган. Агар ҳаммасини бирданига ўзгартирмоқчи бўлсак, унда клубга зарар етказиб қўйишимиз мумкин. Албатта, ўзимга яраша янги ғояларим бор. Аммо буни тезда эмас, аста-секин амалга татбиқ этиб борамиз.

Асрор Алиқулов222

- Хомяков ўзига яраша тажрибали мутахассис ва у «Машъал»га кўп нарса бера олди. Лекин ундан кейин жамоада ишни давом эттиришингиз дебютант сифатида сизга қўшимча оғирлик туғдирмайдими?

- Бу нарса менинг ҳам хаёлимдан ўтган. Бундай тажрибали мураббийдан жамоани қабул қилиш ҳам осон эмас. Охирги пайтларда менда ҳаяжон кучли бўляпти. Масалан, ўтган йили «Шўртан»да ишлаганимда бунчалик ҳаяжонни ҳис қилмагандим. Хомяковдан кейин жамоада ишлай оламанми, «Машъал»нинг савиясини янада кўтариш имконияти қўлимдан келадими, деган саволлар хаёлларимда юрибди. Менга ишонч билдираётган одамларнинг ишончларини оқлай оламанмикин, дея баъзида ўйланаман. Лекин мен мураббий сифатида ўзимга ишонаман.

- Александр Андреевичннинг лавозимини эгаллашдан олдин ўзи билан ҳам гаплашиб, тавсияларини олдингизми?

- «Машъал»га январь ойида қўшилган бўлсам, қисқа вақт давомида Хомяков билан ишлаб, ўзим учун анча-мунча нарсаларни ўзлаштириб олдим. Ҳар бир мураббийнинг услуби бор. Имкон даражасида Александр Хомяковдан ўзим учун керакли нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Лекин ҳали яна ўрганишим мумкин бўлган жиҳатлар кўп.

- Таркиб жиҳатдан ҳам ёшартириб юборилган. Бош мураббийликни эгаллаганингиздан кейин янги мақсадлар қўйилдими? Айтмоқчиманки, Хомяков кетгач, вазифалар ўзгармадими?

- Йўқ, ҳеч нима ўзгармади. Олдин клуб олдига қандай мақсад қўйилган бўлса, ҳозир ҳам ўша мақсад ўз кучида турибди. Ҳа, таркибимиз ёшлардан ташкил топган. Аммо 21 ёш, бу айни ўйнайдиган вақти. Ҳар бир учрашувга фақат ғалаба учун тушамиз. «Машъал»нинг мавқеини тиклаш ва мухлисларни хурсанд қилиш учун таркибимиздаги футболчилар ҳам ёш бўлишига қарамай, ўз ҳиссаларини қўшишлари керак.

- «Машъал» қуйи дивизионга тушириб юборилганидан бери бу ерда иккинчи йил иштирок этмоқда. Натижада таркиб бутунлай ўзгартирилди ва ёшартириб юборилди. Бу ҳам етмаганидек, 10 йиллик мураббий ҳам клубдан кетди. Бундай жараёнлардан кейин эса кўпчилик «Машъал»нинг Суперлигага қайтиш имкониятларини янада паст баҳоламоқдалар.

- Тўғри, таркиб ёшартирилгани одамларда «Машъал»нинг Суперлигага қайтишни истамаяпти ва имкониятлари паст деган фикрларни келтириб чиқариши мумкин. Аммо боя айтганимдек, ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоанинг мақсади ўзгармайди. Доимгидек, клуб ўзидан иқтидорли ёшларни тарбиялаб футболимиз учун етказиб бермоқчи. Футболчи футбол билан шуғулланяптими, демак, унинг қандайдир мақсади бор. Нимадир ютиш, ғолибликни қўлга киритиш ёки терма жамоада ўйнаш ваҳоказо. Айтмоқчиманки, бизнинг ўйинчиларимизда ҳам мақсадлари катта. Биз ҳам Суперлигага чиқиш учун охирги имкониятимиз қолгунича курашамиз. Раҳбарларимиз эса кундан-кунга шароитларни яхшилаб боришяпти. Илҳом Қурбонов ҳам ҳар доим футболчилар билан бирга ва улар билан гаплашяпти. Уларнинг фикрлари фақат футболга қаратилган, бошқа нарсаларга бўлинмаслиги учун ҳам раҳбарлар ҳамма нарсани қилишяпти. Бу борада «Машъал»да катта ишлар амалга ошириляпти.

- Асрор Чориевич, сиз бунгача ҳам ёшлар билан ишлаганингизни яхши биламиз. Бу йил эса «Машъал»да иш бошладингиз ва сиз келгач, бу ерда ҳам таркибда ёшартириш сиёсати қўлланилди. Вақти келиб эса сиз жамоа бош мураббийига айландингиз. Гўёки, клубда қилинаётган бундай ишларнинг барчаси аслида сиз учун қилинаётгандек таассурот уйғотмоқда.  

- Йўқ, режа бундай бўлмаган. Менга ўша пайтда «Машъал»дан ташқари яна бошқа таклифлар ҳам бор эди. Таркиб ёшартирилишининг яна бир сабабларидан бири, клубнинг йиллик сметаси ҳам қисқарганди. Ёши каттароқ футболчилар барибир Суперлигада ва кучлироқ клубларда ўйнашни исташади. «Машъал» эса уларга бошқа жамоаларда ўзларини кўрсатиш учун имконият берди. Уларнинг ўрни эса клуб ёшларидан тузилди. Шу билан бирга юқорида таъкидлаганимдек, «Машъал»нинг мақсади ўзгармади. Биз шу ёшлар билан Суперлигага чиқишга уриниб кўрамиз.

- Аслида воқеалар ривожи сизни бош мураббийликка етаклашини кутганмидингиз?

- Тўғрисини айтсам, кутмагандим. Хомяковнинг кетиши ҳам аслида кутилган воқеа эди дея олмайман. Аммо охирги пайтларда Суперлигада «Андижон»нинг ишлари юришмаётганди. «Бухоро»да эса бош мураббий кетганди. Айтмоқчиманки, шундан кейин Хомяковнинг кетиши кутилаётган жараён бўлиб қолганди. Хомяков эса Ўзбекистонда тактик томондан кучли мураббий дея ном қозонган. Шундай экан, унинг номзоди бошқа жамоалар томонидан кўриб чиқилиши ҳам аниқ эди.

- Бунгача сиз «Шўртан» ёшларини бошқаргансиз ва асосий жамоасига ҳам устозлик қилгансиз. «Машъал» эса мураббийлик фаолиятингизда иккинчи иш жойингизга айланди. Муборакликлар устозига айлангач, шахсий мақсад ва режаларингиз ҳам ўзгариб боряптими?

- Футболда талабчанлик биринчи ўринда. Ўйинчиларимизнинг ўзига бўлган ишончи ва талабчанлигини ошириш биз учун муҳим. Биз имкон қадар қисқа муддатда ўйинчиларимизни тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Чунки жамоамиздаги йигитларнинг келажаги бор. Бунинг учун эса аввало футболчиларимизнинг ва жамоамизнинг савиясини кўтаришимиз керак.

- Сизни яхши биламиз ва инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам сизда самимийлик доим устун туради. Таъбир жоиз бўлса, юмшоқ характерга эгасиз. Аммо мураббийликка қадам қўйганингиздан кейин бу сиз учун янги  синов ва янги қадам. Айниқса, бош мураббийликка ўтганингиздан сўнг маълум даражадаги характерингизни ўзгартиришингиз керак бўлади. Мураббийдан эса қаттиққўллик талаб этилади.

- Тўғри айтяпсиз. Майдонда футбол ўйнаган пайтларимда ҳам имкон даражасида ёнимдагиларга ёрдам қўлини чўзишга одатланганман. Лекин энди мен бош мураббийман. Чиндан ҳам бунда сиз қаттиққўл бўлишингиз керак. Тартиб-интизом биринчи ўринда туради. Агар шу нарса бўлмаса, сиз кўп нарсани йўқотишингиз мумкин. Тан оламан, ҳали мураббийликда кўп вақт ишламаганман ва бу борада менда етарлича тажриба йўқ. Аммо ишлаш жараёнида мен учун катта амалиёт ва малака бўлади. Қўл остингиздаги ҳар бир ўйинчи билан эса мураббий албатта тил топишиши керак. Қаттиққўлликни ҳам меъёрида ушлаб тура олиши лозим. Агар мураббий ўз манфаатини устун қўйса ёки уни футболчилари ҳурмат қилмай қўйса, бундай жамоани ушлаб туриш жуда қийин бўлади. Бундай вазиятда кўпни кўрган инсонлар билан маслаҳатлашиб иш кўряпмиз. Жамоа ичида бўлаётган ишларни фақат мураббий билади, четдан ҳеч ким билмаслиги лозим. Футболчилик пайтимдан бери менга билдирилаётган ишончларни оқлаш учун жон-жахдим билан курашардим ва шу хислат менда ҳали ҳам бор. Шундай экан, ҳозир ҳам менга ишонаётган инсонларнинг ишончини оқлашим керак.