Асрор Алиқулов: "Олимпик" бизни кўпроқ ҳимояланишга мажбурлади"
“Шўртан” клуби Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги 3-тур доирасида “Олимпик”ни қабул қилди ва 1:1 ҳисобида дуранг натижани қайд этди. Беллашувдан сўнг, мезбонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов шундай деди:
- Биринчи навбатда “Олимпик” жамоаси тўпни ўзида яхши назорат қилади. Ҳужумдан ҳимояга ҳам тез қайтади. Суперлига клублари ҳам “Олимпик” дарвозасига гол уришга қийналишяпти. Бугунги учрашувда қарши ҳужумда кўпроқ кутилмаган паслар орқали ўйин ташкил қилишни мақсад қилгандик. Шунга яраша гол ҳам урдик. Аммо ўйин жараёнида “Олимпик” бизни кўпроқ ҳимояланишга мажбурлади. Учрашув охирларида гол ўтказиб юбордик. Бугунги ўйин учун футболчиларга раҳмат айтаман. Майдонда жуда кўп тўпсиз меҳнат қилишди.
- Учрашувда 8 та сариқ карточка кўрсатилди. Бу ўйинга хос бўлди деб ўйлайсизми?
- Ҳакамларни назорат қиладиган инсонлар бор. Ҳакамларнинг хатоларини комиссия кўриб чиқяпти. Ҳакамларни муҳокама қиладиганлар бор. Аммо мухлисларни стадионларга қайтариш бўйича ҳакамларни ҳам оз бўлса-да, ўрни бор. Мана шу томонлама ҳам ўйлаб кўриш керак.
- “Олимпик” жамоаси футболчилари майдонда тез-тез йиқилиб туришди. Улардан бундай ҳаракатни кутганмидингиз?
- Олдин ҳам кузатганмиз. Лекин аксарият футболчиларини тўп билан дриблинг қилиши яхши. Уларни алдашга ҳаракат қилишади ва бундай пайтда “контакт” бўлиши табиий ва йиқилишади. Бунга жиддий эътибор қаратиш керак эмас, ҳаммаси майдондаги курашлар.
- “Шўртан” бугун ўз майдонида ўйнади, аммо иккинчи рақам остида ҳаракат қилди. Ҳисобни очгач, кўпроқ ҳимояга эътибор қаратди. Ҳимоявий ўйин маъқулмиди ёки кўпроқ ҳужумда ўйнаш керакмиди?
- Агар биз ҳужумда ўйнасак “Олимпик”да имкониятлар бўлиши мумкин эди. Шунинг учун ҳимоядан чиқишда тўпни йўқотмасликка ҳаракат қилдик. Аммо биринчи бўлимда 2-3 та вазиятда ҳимояда тўпни йўқотдик ва “Олимпик” тезлик билан ҳужумга ўтди. Шу боис мана шундай ўйин кўрсатишга мажбур бўлдик.
Фикрлар