Асрор Алиқулов: "Рақиб биринчи лига жамоаси эди ва биз босим қилишни мақсад қилгандик"
Бугун Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги доирасида “Шўртан” клуби ўз майдонида “Андижон II”ни қабул қилиб, йирик 3:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувдан сўнг, “Шўртан бош мураббийи Асрор Алиқулов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйин оғир кечишини билардик. Рақиб ёш футболчилардан ташкил топган бўлса-да, курашувчан жамоа. Мухлисларга ёқадиган футбол бўлди. Андижон жамоаси охиригача ҳаракат қилди, уларга омад тилаб қоламан.
- Анча танаффусдан кейин бугун Бекзод Сувоновни захирадан майдонга туширдингиз. Унга билдирилган ишончингизни оқлай олдими?
- Бекзодга олдинги ўйинлардан бирида ҳам имконият бердик. Машғулотларда ўз устида ишлаяпти. Бугун ҳам ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Жамоанинг ўйинидан келиб чиқиб кўпроқ ҳужум қилишини талаб қилдик. Аста-секин спорт формасини тиклаб боряпти. Кўп нарса ўзига боғлиқ. Яхши ўйинлари ҳали олдинда деб ўйлайман.
- Мухриддин Зоировни ҳам чемпионатда ўйинлари қовушмаётганди. Бугун эса иккита гол урди. Унга алоҳида кўрсатмалар берилдими ёки индивидуал равишда ишладингларми?
- Ҳамма футболчи билан индивидуал ҳолатда ишлаймиз. Рақиб барибир биринчи лига жамоаси эди, шуни ҳам ҳисобга олиш керак. Биз босим ўтказишни мақсад қилгандик. Иккинчи голда босим қилдик ва хато қилишга мажбурладик. Мухриддин иккита гол урган бўлса ҳам яна бошқа имкониятлари бор эди.
- “Андижон II” биринчи лига жамоаси бўлса ҳам ўйин бошидан иккита ҳужумчи билан ҳаракатланди. “Шўртан” эса битта ҳужумчи билан майдонга тушди. Буни сабаби нимада?
- Улар чуқур ҳимояланди. Иккита ҳужумчини ҳимоячини ёнига қўйгани билан сиз кўп имконият яратасиз дегани эмас. Бир ҳужумчимиз ҳимоячиларни хато қилиши учун вазият яратиш эди. Шу боис шунақа тактикада ўйнадик.
- Гуруҳдаги вазият ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳаммаси охирги учрашувга тақаляпти. Гуруҳдан чиқиш ёки чиқмаслигимизни аниқлайди. Тайёргарлик кўрамиз ва охиригача курашамиз.
- Андижон жамоаси ўтган турда “Олимпик”ни ютганди. “Шўртан”ни “Олимпик” билан бўладиган учрашувда имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Кеча “Олимпик” “Турон”га ҳеч қандай имконият қолдирмади. Кўп жамоалар таркибда ротация қиляпти. “Олимпик” Андижондаги ўйинда бир қатор футболчиларига дам берди. Ўшанда ўйин бошидаги хатосидан андижонликлар фойдаланди. Учрашув охиригача мезбонлар рақибга имконият бермасликка ҳаракат қилишди. Охирги ўйинда нима бўлишини олдиндан айтиш қийин.
Фикрлар