Асрор Алиқулов: "Сўнгги сониядаги гол бизни ғалабадан маҳрум этди"

Про лига 25-туридан ўрин олган “Янгиер” – “Шўртан” (1:1) учрашувидан сўнг жамоамиз бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.

- Беллашув бошида биз тўп назоратни ўз қўлимизга олгандек бўлдик. Учрашув бошида бу сезила бошлади. Ҳаттоки бирга-бир вазиятга ҳам эга чиққандик. Аммо ўйин давомида ташаббусни майдон эгаларига бера бошладик. Улар ҳам хавфли ҳужумлар уюштира бошлашди. Танаффус вақтида бу камчиликларни йигитларга тушунтирдик. Беллашувнинг сўнги сонияларида ўтказиб юборилган тўпни ҳисобга олмаганда биз иккинчи бўлимни яхши ўтказдик ва мезбонларга деярли ҳужумлар ташкил этишга имкон бермадик. Рақибнинг узун пасларига тайёр эдик. Биз қарши ҳужумларда имкониятлар яратдик ва биринчи бўлиб гол уришга эришдик. Яратилган вазиятларни голга айлантиришимиз мумкин эди. Лекин вазиятлардан унумли фойдаланмадик ва аксинча сўнги сонияларда ўтказиб юборилган гол бизни ғалабадан маҳрум этди. 

- 90+3-дақиқадаги иккита ўзгаришдан мақсад нима эди?

-  Футболчиларни алмаштиришдан мақсад рақибнинг олдинги чизиғига босим ўтказиш эди. Чунки бизнинг ҳужум чизиғимиздаги футболчиларда толиқиш бор эди. Учрашувнинг охирги дақиқаларида рақибга озроқ вақт берганимиз натижасида жарима майдончамиз ичида палапартишлик юзага келди ва дарвозамиздан тўп олиб чиқишга мажбур бўлдик. Тайёр ғалабани қўлдан бой бердик. 

- Адашмасам “Шўртан” жамоаси 27 август куни Андижонда мағлубиятга учраган эди ва шундан буён мағлубиятсиз серияни қайд этиб келмоқда. Пастдаги бешталикда биринчи ўринда кетаётганидан келиб чиқиб, “Шўртан”да янги номларни, ёш иқтидорларни кашф қилиш режаси борми? 

- Биз таркибимизда ротация ҳам қилиб турибмиз. Бугунги беллашувда ҳам айрим футболчиларимизга дам берган эдик. Ёшлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бизни жамоамизни асосини ўзи ёшлар ташкил этади. Турнир жадвалидаги ўрин ҳақида гапирадиган бўлсак, юқоридаги бешлик жамоалари нисбатан кучли жамоалар. Саккиз ўйиндан буён мағлубиятга учрамаслигимизга сабаб биз билан бир гуруҳдан ўрин олган жамоаларнинг савиясига ва кўрсатаётган ўйинига боғлиқ. Тепадаги бешлик қийинроқ эди. Бу биринчи сабаби эди. Иккинчидан бизга вақт керак эди. Учинчи марта жамоа шакллантиряпмиз. Янги футболчиларнинг бизнинг тизимга тушишларига бироз вақт керак бўлди. Ҳозирги кўрсатаётган натижаларимиз бизнинг меҳнатларимиз ва сабримиз меваси.

"Шўртан" ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!