Аёллар футболидаги келишилган ўйинлар, ҳакамлар томонидан “Сўғдиёна-W”га қилинган ноҳақликлар — Феруза Бобохўжаева билан интервью

Аввало Ассалом-у алайкум, яна бир бор. Интервьюга рози бўлганингиз учун раҳмат. Саволлардан олдин мухлислар учун ўзингиз ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз.

Ассалом-у алайкум. Мен Феруза Бобохўжаева, Қашқадарё вилояти Касби туманида туғилганман. “Севинч” клуби тарбияланувчиси ҳисобланаман. Бу мавсумдан эътиборан “Сўғдиёна-W” жамоасида ўйнаяпман.

Бир неча йиллар давомида “Севинч”да ўйнадингиз. У ерда жамоанинг асосий таркиб футболчиси бўлгансиз. Лекин бу мавсум “Сўғдиёна”га кўчиб ўтдингиз. Асосий сабаб нима?

Ўзимни бошқа жамоада синаб кўришни истадим. Шунингдек, “Сўғдиёна-W” менга моддий томонлама ҳам яхшироқ шартнома таклиф қилди. Оила-аъзоларим ва “Севинч” раҳбарияти билан ўзаро келишган ҳолда жиззахликлар таклифини қабул қилдим. Ҳозирда “Севинч” мени ортга қайтаришни истамоқда. Агар келишувга эриша олсак, келаси мавсумдан яна собиқ клубимга қайтишим мумкин.

Аёллар олий лигаси якунланишиги икки тур қолди. “Сўғдиёна-W” ҳозирча иккинчи ўринда, лекин “Бунёдкор-W” сизларга қараганда битта кам ўйин ўтказган. Жамоанингнинг кумуш медаллар учун имкониятини қандай баҳолайсиз?

Ҳозирда “Бунёдкор-W” билан орамиздаги фарқ бир очкони ташкил қилади. Сабаби улар биздан битта кам ўйин ўтказган. Агар улар ўша ўйинда ғалаба қозонса, биздан икки очкога илгарилаб кетади. Имкониятлар ўз қўлимизда эмас. Албатта ҳакамлар биздан 7 очкомизни тортиб олмаганда, ҳозир вазият бошқача бўлар эди. Умуман олган-да, ҳозир ҳам ёмон эмас. 

Айнан қайси ўйинлар ва ҳакамлар қандай хатога йўл қўйган?

Олий лига 17-тури доирасидаги “Қизилқум-W”га қарши ўйинда ҳакам нотўғри қарорлар чиқарди. Яъни учрашув давомида рақиб дарвозасига пенальти белгиланиши керак эди. 20-турдаги “Севинч”га қарши ўйинимизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Ҳакам бизни иккита пенальтидан мосуво қилди. Шунингдек, Лайло Тиловова қизил карточка олиши керак эди. Бироқ ҳакам қаршиликлар футболчисини майдондан четлатмади. АГМКга қарши ўйинда ҳам яққол пенальти берилмади. Умуман олганда бу мавсум ҳакамлар бизнинг зараримизга ишлайдиган кўплаб қарорлар чиқарди. Тўғри, ҳакамларнинг бу иши ўрганиб чиқилиб, уларган чора кўрилди. Аммо бу бизга йўқотилган очколаримизни қайтариб бермайди.

4543_1

Ўзбекистонда аёллар футболига эътибор қандай?

2022 йилдан бошлаб озгина эътибор каратила бошлади, чунки Ўзбекистонда аёллар футболчи энди ривожланиб келмокда. Олдинлари ички чемпионатимизда легионерлар бўлмас эди. Ҳозирги кунда эса “Сўғдиёна” ҳамда “Севинч” жамоаларида легионерлар ҳаракат қилмоқда. Агар бизга шунақа эътибор кучайиб бораверса, Худо хохласа йилдан йилга аёллар футболи ҳам ўсиб бораверади ва биз ҳам шунга яраша натижаларга эришамиз деб ўйлайман.

фера_1

Ўзбекистоннинг турли ёш тоифасидаги жамоаларида ўйнагансиз, лекин кўп ҳолларда асосий жамоадан четда қолмоқдасиз

Албатта, мен Ўзбекстон U16, U19 жамоаларида ўйнаганман. Қолаверса, Ўзбекистон терма жамоасида ҳам бир қанча учрашувларда майдонга тушганман. Август ойида “Сўғдиёна-W” халқаро мусобақада қатнашиши керак эди. Ўшандан олдинги йиғинларга мени таклиф қилишган, бироқ жароҳатим бўлгани сабабли унда қатнаша олмаганман. “Сўғдиёна- W”нинг аёллар Осиё чемпионлар лигасидаги иштирокидан кейин бораман деб ният қилган эдим, бироқ ўшандан кейин жамоага таклиф бўлмади. Балки, таклиф бўлса, яна Ўзбекистон терма жамоаси сафида ҳаракат қиларман?!

сого_1

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Минори Ҳонда ҳақида фикрингиз қандай, у билан керакли натижаларга эриша оламизми?

Мен ҳозирча Минори Ҳонда билан ишлаб кўрмадим. Шунинг учун нимадир деб айта олмайман. Лекин, менинг фикримча, Ўзбекистонда ундан яхшироқ мутахассислар бор.

Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиларидан бирисиз, легионерга айланиш режаларингизда борми?

Албатта, легионерга айланиш ниятим бор. Ҳозирги пайт Туркия ва Грузиянинг икки жамоасидан таклиф бўлмоқда. Аввал чемпионатни тугатиб олайлик, кейинчалик музокара олиб боришга ҳаракат қиламиз.

фераа

Аёллар футболида ҳам келишилган ўйинлар борми?

Албатта, баъзи бир жамоаларда бор деб ўйлайман. Бироқ бу нарсани ҳеч кимга маслаҳат бермаган бўлар эдим. Чунки буни футболга, мухлисларга бўлган хиёнат деб ҳисоблайман. Ишонаманки, ўзбек футболи кейинги йилларда бундай иллатдан тўлиқ фориғ бўлади.

Феруза, музмунли суҳбат учун раҳмат. Кейинги ўйинларда сиз ва жамоанингизга омад тилаймиз.

Интервьюга таклиф қилганингиз учун сизларга ҳам раҳмат.

 

 

Жамшидбек Маҳмудов суҳбатлашди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!