Азиз Турғунбоев: "Пахтакор"дан ҳам таклиф бор, аммо хорижда тўп сурмоқчиман. Чунки бундай чорлов бошқа бўлмаслиги мумкин

“Навбаҳор” етакчиси Азизбек Турғунбоевга ҳар доим яхши таклифлар бўлган ва бу ҳол давом этмоқда. Ҳозирда ҳам иқтидор эгасига жиддий қизиқишлар бор. Аммо унинг ўзи кўпроқ легионер сифатида хорижда тўп суришни маъқул кўрмоқда.

Куни кеча sports.uz мухбири Турғунбоев билан боғланиб, якунига етган мавсум, “Навбаҳор”даги фаолияти ва янги таклифлар борасида суҳбатлашди. Футболчи эса гапни аввало якунланган чемпионат хусусида бошлади.

-  Мавсумни яхши бошлагандик. Пандемия туфайли чемпионат тўхтаб қолди, спорт формасига кирган чоғимизда, - дея гап бошлади Турғунбоев. - Ундан кейин яна машғулотларга рухсат берилди. Шундай ҳолатлар билан спорт формасидан чиқиб қолдик. Шунинг эвазига керакли очколарни йўқотдик. Чунки пандемия даврида машғулот қилинмади. Кейинчалик Тошкентда марказлашган ҳолда ўйинлар ўтказилди. Ўша пайтда жамоамиз базада сақланаётганди, ҳеч ким ҳеч қаерга чиқмаётганди. Тошкентга борганимиздан кейин бир қатор футболчиларимиз касал бўлиб қолишди. АГМК билан учрашувда аралаш таркиб билан ўйнадик. Тўғри, вақт ўтиб етакчиларимиз яна сафга қайтишди. Аммо унгача анча очколарни йўқотиб қўйгандик. Шунинг эвазига ҳам юқори ўринларга кураша олмадик деб ўйлайман.

-  “Навбаҳор”нинг Ўзбекистон Кубоги чорак финалда “Насаф”га қарши ўйинини ҳам эслаб ўтсак бўлади. Чунки чемпионатдаги омадсизликдан кейин “Навбаҳор” бор эътиборини Кубокка қаратганди. “Насаф”га бой берилган имконият фаолиятингиздаги энг аламли мағлубиятми?

-  Тўғри, чемпионатда яхши ўринни эгаллай олмаганимиз учун Кубок мусобақасига бор эътиборимизни қаратгандик, буни ҳамма биларди. Биз ҳаракат қилдик. “Насаф”га қарши ўйинда аламли мағлубият бўлди, десам муболаға бўлмайди. Чунки бундан олдинги учрашувларимиз бунчалик шиддатли ва қийин кечмаганди. Афсуски, қўшимча бўлимда йигитлар чарчаб қолдими, билмадим, иккинчи голни ўтказиб юбордик. Шу боис аламли мағлубият деса бўлади. Чунки мавсум давомида бундай мағлубият бўлмаганди. Фаолиятимдаги энг оғири бўлди. Лекин клуб раҳбарлари ва вилоят ҳокими ҳам жамоага далда берди ва таслим бўлиш йўқ, кейинги йилга янада жиддий курашамиз, деб таъкидлаб ўтдилар.

турғунбоев3

-  Қолаверса, клубда мураббийлар алмашинуви ҳам юз берди. Андрей Канчельскис билан Нўъмон Ҳасанов ўртасида қандай фарқни кўрдингиз?

-  Иккаласи ҳам ажойиб мураббийлар. Ўзига яраша ўйин услублари бор. Тактикалари алоҳида-алоҳида бўлишига қарамасдан, ўйин услублари маъқул келди. Канчельскиснинг натижа кўрсата олмаганининг сабаби ўша пандемия ва футболчиларнинг касал бўлиб қолгани билан боғлиқ деб ўйлайман. Кейин Нўъмон ака Ҳасанов бош мураббийлик қилди. Йигитлар ҳам соғайиб сафга қайтганди. Натижаларимиз яхши томонга ўзгарди. Лекин иккала мураббийнинг иши менга ёқди.

-  Айни пайтда “Навбаҳор”да бош мураббий масаласи кун тартибида турибди. Ўзингиз янги мураббий ким бўлишига қай даражада қизиқяпсиз?

-  Ким келишидан қатъий назар барибир чемпионликка курашамиз. Нўъмон Ҳасанов бўладими ёки Самвел Бабаянми, иккаласи ҳам яхши мураббийлар. “Пахтакор”да муваффақиятли ишлашган. Улар “Навбаҳор”да ишлашса, жонини бериб, натижаларга ўз ҳиссаларини қўшишади, деган умиддаман. Жамоага қайси мураббий келмасин мақсад ўзгармайди, фақат чемпионлик!

-  Сизга яхши таклифлар борлиги ҳақида эшитдим. Масалан, “Пахтакор” ҳам яна бир бор сизни ўз сафида кўриш истагидалиги тўғрисида ҳам маълумотлар бор. Лекин бу масалада энг аниқ жавобни сиздан бошқа ҳеч ким айта олмаса керак. Бу “Навбаҳор”даги охирги мавсумингизми?

-  “Навбаҳор” билан шартномам бор. Тўғри, менга четдан ҳам қизиқишлар бўляпти. “Пахтакор”дан ҳам бор. Лекин ҳали қайси клубга ўтишим аниқ бўлмаган. Хориж клублари билан музокаралар олиб бориляпти. Агар “Навбаҳор” келиша олса, шунда кетишим мумкин.

турғунбоев4

-  Кейинги фаолиятингиз қандай кечиши катта эҳтимол билан “Навбаҳор”га келадиган янги бош мураббий билан боғлиқми?

-  Айтяпман-ку, хориж жамоалари билан музокаралар кетяпти, клублар келиша олишса четга кетаман. Мабодо, келиша олишмаса, қолишим мумкин.

-  “Пахтакор” вариантига нима дейсиз? Лекин бу клуб билан ўртангизда юз берган воқеа ҳамон ёдимизда...

-  “Пахтакор”да тўп суришни кўплаб футболчилар хоҳлайди, орзу қилади. У ерда топ-ўйинчилар бор. Аммо бу жамоада тўп сургандан кўра, хорижда фаолият олиб борганим маъқул деб ҳисобладим. Тўғри, ҳали “Пахтакор”га ҳам йўқ, демадим. Барибир кўпроқ легионер сифатида тўп суришни хоҳлаяпман. Чунки чемпионатимизда яна қоладиган бўлсам, ёшим ҳам 30 га қараб кетяпти. Бир-икки йил ўзимизда тўп сурсам, кейин четдан таклифлар бўлмайди. Шунинг учун иложи борича хорижга ҳаракат қиляпмиз.

-  Яқинда сизга Португалия томонлардан таклиф бўлганини эшитдим. Бу қанчалик ҳақиқат?

-  Португалиядан қизиқиш бўлдию, аммо 100 фоизлик эмасди. Мана шартнома, келсин деган гап бўлмади. Улар фақат қизиқиб кўришди. Агар жиддий бўлганида шартнома жўнатишлари мумкин эди. Назаримда, охиригача ҳаракат қилишмади.

турғунбоев

-  Португалиянинг қайси клуби эди?

-  Айтмай қўяверай. Аммо асосий лигасидан эди.

-  Легионер сифатида қаерда тўп сурмоқчисиз? Таклифлар Осиёданми?

-  Осиё клубларидан.

-  Ҳаммаси қачон ҳал бўлади, деб ўйлайсиз?

-  Янги йилдан кейинга ҳал бўлса керак.

-  Мухлисларга нима дея оласиз?

-  Уларга раҳмат. Пандемия шароитида ҳам бизни қўллаб, ҳамиша биргамиз, дея далда бериб турдилар. Тўғри, бу мавсумда ишқибозларимизнинг ишончини оқлай олмадик. Келаси йили яхши ўйинлар билан уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!