Баҳодир Жалолов энди фақат профессионал боксда фаолият юритадими? Чемпионимизнинг ўзи жавоб берди

  • 15 август, 2021, 11:21
  • 0
  • Бокс

Ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов яқиндагина Токио Олимпиадасида бокс бўйича энг оғир вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон бокс оламини яна бир бор ўзига қарата олди. Албатта, ушбу чармқўлқоп устаси бир вақтда профессионал йўналишда ҳам ўз жангларини олиб боради. 

Ҳаваскор йўналишда деярли барча катта ва нуфузли турнирларнинг ғолиби бўла олган юртдошимиз "Энди фаолиятини фақат профессионал боксда давом эттирадими?", деган савол туғилиши табиий... Биз шу мавзуга оид бир-иккита савол билан боксчимизга мурожаат қилдик. 

- Аввало, ажойиб натижа ва унвонлар билан муборакбод этамиз!

- Эътибор учун катта раҳмат. 

- Биласизми, барчани ушбу муваффақиятингиздан сўнг, профессионал боксга тўлалигича ўтиш ёки ўтмаслигингиз қизиқтираётганлиги аниқ. Бу борада кандай режалар мавжуд?

- Албатта, профессионал боксга ўтиш ниятим бор. Бироқ, режаларим ҳали аниқ эмас. Балки ҳаваскорда ҳам тушарман. Барчаси энди аниқ бўлади. 

Олимпиада олтин медалидан кейин, жаҳоннинг топ промоутерлик клубларидан таклифлар бўлиши турган гап. Шундай имконият бўлса, ўйлаб кўрасизми ёки Лу Ди Белла билан ҳамкорликни давом эттирасизми?

- Бу борада ҳам бирор аниқ фикр билдира олмайман. Чунки, бу ҳақида ўйлаганим йўқ. Агар, бирор янгилик бўлса албатта, хабар топасизлар.

- Финал жангининг биринчи раунди Торрес ҳисобига ёзилди. Ушбу натижани раунд тугаганидан сўнг билдингизми? Бу қанчалик сизга таъсир кўрсатди?

- Ҳа, мураббийларим ҳар бир раунд якунида ҳисобни айтиб туришади. Биринчи раундда 3:2 натижа билан ютқаздинг, деб маълум қилганди. Шубҳасиз, янада яхши ҳаракат қилишимга туртки бўлди. 

Олимпиада олдидан россиялик Рио Олимпиадаси чемпиони Евгений Тишченко билан спаррингларда иштирок этдингиз, бу Олимпиада мобайнида сизга қанчалик ёрдам берди ва унинг имкониятларига қандай баҳо берган бўлардингиз?

- Катта ёрдам берди, деб айта оламан. У -91 кг вазн тоифасида ҳаракат қилади. Оғир вазндан кўра, кичикроқ тоифадагилар тезкор бўлади. У ҳам жуда тез боксчи, у билан ишлаб мен ҳам тезлигимни оширдим, десам хато бўлмайди. 

- Ижтимоий тармоқларда россиялик хоккейчи Александр Овечкин сизни табриклаган видеоси тарқалди. У билан яқиндан таниш эдингизми? 

- Тўғриси, Овечкин билан таниш эмасдим. Лекин афсонавий хоккейчи табриклаганидан жуда хурсанд бўлдим. 

- Тиғиз вақтингизга қарамай, биз учун вақт ажрата олганингиздан хурсандмиз ва ўз ўрнида келгуси фаолиятингизга омад тилаймиз!

- Раҳмат.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!