Баҳодир Жалолов: "Хргович, Тони Йока, Жо Жойс билан ҳам жанг қилиш режам бор"
Оғир вазнда фаолият олиб бораётган боксчимиз Баҳодир Жалолов навбатдаги жангини 18 март куни Дубайда ўтказиши кутилмоқда. Sports.uz мазкур бўлажак жанг ва келажак режалари ҳақида маълумот олиш учун боксчимиз фикри билан қизиқди.
18 март кунги жанг борасида фикрларингиз? Бу жанг аниқ бўладими?
- Иншааллоҳ жангим 18 март куни Дубайда бўлиб ўтади. Жанг кечаси Dibella Entertainment ва Probellum ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Ҳозирда мазкур жангга Янгиобод базасида тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Умуман Лу Дибелла билан шартнома узайтирилдими?
- Жангдан олдин ёки кейин янги шартнома имзолаш борасида режалар бор.
Янги шартнома ким билан бўлиши мумкин? Дибеллада қоласизми?
- Айнан Дибеллада қолишим аниқ эмас. Балки бошқа промоутерлик компаниясига ўтарман, лекин барибир Дибелла учун ҳам қандайдир улуш ажратилиши мумкин. Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Менежерлар бу борда иш олиб бормоқда. Ҳолат яхши томонга ўзгармоқда.
Хорватиялик Филип Xрговичга рақиб топиш борасида муаммоларга дуч келинмоқда. Сизга ҳам таклиф бўлиши мумкинми? Умуман бу боксчи ҳақида қандай фикрдасиз?
- Филип Хргович рейтингида юқори ўринда турибди. Чунки у Рио Олимпиадасидан кейин профессионал боксга ўтган эди. Унинг жанги учун ҳам юқори рейтингли рақиб керак. Ҳозир менежерлар билан таваккал қилиш ниятида эмасмиз, лекин Филип Хргович билан ҳам, Тони Йока ёки Жо Жойс бўлса ҳам келажакда жанг қилиш ниятим бор. Ўйлашимча, ҳозир икки ўсиб келаётган боксчини бир бирига қарши қўйилиши қийин. Менежерлар ҳам бунга рухсат бермаса керак. Мен ҳозир бирданига чемпионлик камарига даъвогарлик қила олмайман. Олдин минтақавий камарлар олишим ва рейтингда юқорилашим керак.
Фикрлар