Баҳодир Жалоловни финалда тўхтатиш учун осмондан метеорит тушиши керак!
Олимпия ўйинларининг бокс мусобақалари ҳар қилувчи паллага кирди. Ўзбекистон терма жамоаси кутилган натижага эриша олмади, боксчиларимизнинг деярли барчаси мусобақани эрта якунлади ва фақатгина Баҳодир Жалолов финал йўлланмасини қўлга киритди холос.
Аслида, энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон ва қитъа чемпиони бўлиб турган боксчимизнинг финалга чиқиши ҳеч кимга янгилик эмас, балки кутилган натижа эди. Ярим финалнинг иккинчи раундида ҳамюртимизни нокдаун ҳолатига тушира олган британиялик боксчи Фрезер Кларкни Баҳодир учинчи раундда қай аҳволга солгани ҳаммамизга маълум.
Кўпчилик финалда Баҳодир Жалолов ва унинг ашаддий рақиби – Қозоғистон терма жамоаси сардори Қамшибек Кўнкабоевнинг тўқнаш келишини кутган эди. Бироқ, финал йўлланмаси учун жангда америкалик Ричард Торрес қозоғистонлик боксчининг қовоғини ёриб юборди, Кўнкабоев ҳам худди Баҳодирнинг рақиби Фрезер Кларк сингари муддатидан олдин таслим бўлди.
Хуллас финалда кутилмаган жуфтлик – Баҳодир Жалолов ва Ричард Торрес ўзаро тўқнаш келади. Бу боксчилар аввал бир марта ўзаро жанг қилган. 2019 йилги жаҳон чемпионатида ўзбек паҳлавони бир зарба билан америкалик рақибини чуқур нокаутга учратган, кейинги кун эса, уни зиёрат қилиб, кўнгил сўрашга борган эди.
Айни пайтда кўпчилик мутахассислар ва мухлислар Олимпия ўйинлари бокс мусобақасининг ўта оғир вазн тоифасида бўладиган финални муҳокама қилмоқда. Ана шундай мутахассислардан бири – Россиянинг Биринчи канали шаҳрловчиси Александр Садоковнинг фикр-мулоҳазалари эътиборимизни тортди. Уни эътибрингизга ҳавола этамиз.
- Ростини айтсам, ҳозир Баҳодир Жалолов Токиода олимпия чемпиони бўлмаслигига бирорта сабаб кўрмаяпман. Фақат “Риогоку Кокугикан” аренаси томини бирор метеорит тешиб ўтиб, ҳаммамизни суриб кетса, шундай бўлмаслиги мумкин...
Бир сўз билан айтганда, мен ҳозир Баҳодир Жалолов қандай қилиб ютқазиб қўйиши мумкинлигини тушунмаяпман. Олимпия қоидалари асосида рингга чиқаётган супероғир вазнли зўр боксчилар кўплигига қарамай, улар орасида Баҳодир билан рақобатга ярайдиган бирортаси йўқ.
Баҳодир Жалолов улар учун бошқа даражадаги боксчи ва буни тан олиш, бир неча кундан кейин олимпия олтин медалини қўлга киритиб, кейин тўлиқ профессионал боксга ўтиб кетишини кутиш керак холос.
Баҳодир Жалолов жаҳон бокси учун бу янги Александр Усикми? Йўқ, албатта. У умуман бошқа пландаги боксчи. Ҳозир оғир вазндаги профессионаллар байрам қилиб юрибди, ўйлашимча, улар секин-аста қўрқувни ҳис қила бошлаши керак. Чунки уларнинг қаршисига бир боксчи чиқади. Албатта, ҳозирча, Баҳодирнинг Тайсон Фьюри, Дионтей Уайлдер билан тўқнашувларини муҳокама қилмоқчи эмасман... Баҳодир Жалолов уларнинг даражасига етиши билан, ҳатто ҳозирдан айтиш мумкинки салоҳияти бўйича у кучли учликдаги боксчидир. Балки профессионал бокснинг бўлажак суперюлдузи айнан Баҳодирдир, - деди Александр Садоков.
Баҳодир Жалолов ҳаваскорлар боксида барча нуфузли турнирларда ғолиб ва совриндор бўлган. У 2015 йили Доҳадаги жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритган бўлса, 2017 йили Екатеринбургдаги мундиалда барча рақибларини енгиб, чемпион бўлди. Шунингдек, кетма-кет уч марта Осиё чемпионлигига сазавор бўлди.
Баҳодир Жалолов ҳаваскорлар ўртасида 86 та ғалаба ва 11 та мағлубият қайд этган.
8 август куни бўладиган финал жангида Баҳодир Жалоловдан ғалаба кутиб қоламиз!
Фикрлар