Баҳром Ҳакимов: "Охиригача курашамиз, у ёғи бир гап бўлар"
Суперлиганинг 24-турида лигада қолиш учун курашаётган “Машъал” ҳамда “Турон” жамоалари Муборакда куч синашди ва унда томонлар голсиз дуранг ўйнадилар. Ўйиндан сўнг, “Турон” жамоасига вақтинча устозлик қилаётган Баҳром Ҳакимов матбуот анжуманида қатнашди.
- Ўйинни кўрдинглар, жанговар бўлди. Авваламбор, йигитларга катта раҳмат. Қўлдан келган ишни қилишди. Бироз омад етишмади. Урган голимизга келсак, билмайман, видеотакрорни кўришимиз керак. Ҳозир шунақа ҳолатдаманки, менга гапириш қийин. Агар очколаримиз кўп бўлганида бир очко ишладик дейишимиз мумкин эди. Ҳозир эса йўқотилган икки очко ҳам биз учун сув ва ҳаводек зарур эди. Охиригача ўйнаймиз. У ёғи бир гап бўлар. Лекин бугун футболчилар ёмон ўйин кўрсатишмади. Тўғри, хатолар кўп, ишлаш керак. Бу йил вақтимиз ҳам етмаса керак.
- “Турон” таркиби ёмон эмас, футболчиларни тажрибаси бор. Лекин жамоага нима етишмаяпти?
- Мендан олдинги мураббийларни ёмон ишлади, деб айта олмайман. Барибир ҳар қандай юлдузни олиб келганда ҳам бир-бирини тушуниши учун вақт керак. Бу янги тузилган жамоа эди. Ўтган йилги таркибда бир нечтасини қолдириб, Суперлигага тайёрлаб борилиб, ёнига 3-4 тасини қўшганда қолдирса бўларди. Ҳозир қийин вазиятдамиз. Йигитларга ҳам осон эмас. Уларнинг ҳаракатларидан қониқдим. Фақат ортингиздан кимдир қувиб келаётган бўлса ёки кимгадир етиб олиш учун ҳаракат қилиш қийин.
- Ҳозирги ҳолат бўйича “Турон”ни про-лигага қайтди деб ҳисоблайсизми?
- Йўқ, ҳали имкон бор. Яна иккита тур бор. Бугун ёки эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Жамоани қабул қилиб олганимда футболчиларга ким ишонмаса эшик очиқ дедим. Охиригача курашамиз. Футболда фақат ўринлар учун эмас, мухлислар учун ҳам ўйнаймиз. Ҳозирдан ташлаб қўйсак кимга фойда бўлади? Охиригача ўйнаймиз. Про-лигага тушсак, демак бошқатдан бошлаймиз. Жамоа у мураббийдан бу мураббийга ўтса ҳам ўйин услублари бошқа. Мен олдинги мураббийлардан қолган услубларни ишлатишга ҳаракат қилдим. Қарасам, 10-12 та ўйинчини келаси йил учун ҳам шартномалари бор экан. Менга бироз осонроқ бўлади.
Фикрлар