“Барса” мураббийи шармандали мағлубият сабабини айтди
Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичи бешинчи турида “Барселона” Лондонда “Челси” меҳмони бўлиб, кутилмаганда йирик ҳисобда мағлубиятга учради.
Мезбонлар каталонияликлар дарвозасини уч маротаба ишғол қилиб, кучли рақибни 3:0 ҳисобида енгди.
Ўйиндан кейин “Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик мағлубият сабабларини очиқлади.
- Бизда ҳисобни очиш учун яхши вазият юзага келган эди, бироқ ундан фойдалана олмадик. Қизил карточкадан кейин бундай кучли рақибга қарши узоқ муддат бир киши кам бўлиб ўйнаш жуда қийин. Яхши вазиятлар ҳам бўлди, бироқ улар кўп эмасди.
Учрашувда тўпни жуда кўп йўқотдик ва оддий пас узатишда ҳам хатога йўл қўйдик. Буни таҳлил қилиб чиқмаса бўлмайди.
“Челси” тўпни усталик билан назорат қиладиган жамоа. Бу билан ҳисоблашиш керак, лекин таслим бўлиш ярамайди. Турнирда кучли саккизликка кириш осон бўлмайди, аммо биз охиригача курашамиз, - деди Ханс-Дитер Флик.
Учрашувнинг 27-дақиқасида Жюль Кунде ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Биринчи бўлимнинг ўзида Рональд Араухо икки марта сариқ карточка олиб, майдондан четлатилди. Ҳимоядаги аҳвол мағлубиятга йўл очди.



Фикрлар