"Барселона" билан йўлларимиз яна кесишади — Мессининг Каталонияга қайтиши ростми?

Лионель Месси мавсумни ажойиб бошлади: У Франция чемпионатида “гол+пас” бўйича 12 очко тўплади — 5+7. Шунингдек, Чемпионлар лигасида иккита гол ва бир голли узатмани амалга оширди. Месси ПСЖга мослашиб олди, аммо бу тезда тугаши мумкин. Боиси, унинг шартномаси ёзда якунига етади ва мавсум тугагач, Парижни тарк этиши эҳтимоли бор.

Мессининг кетиши ҳақида ОАВда нима гаплар?

Эслатма: Ушбу мақола инсайдерлар тақатган маълумотларга асосланган. Инсайдерлар одатда ҳақиқатни тўлиқ очиқламайди, лекин кўп ҳолда улар берган хабарлар ҳақиқатга айланади.

  • “L’Equipe”: Месси ПСЖда қолишга қарши эмас, у ҳозирги ҳолатидан мамнун. Аммо Лео “Барселона”дан аниқ таклиф кутмоқда, чунки Месси Жоан Лапорта ўзини ортга қайтаришни истаётганидан хабари бор.

  • Фабрицио Романо: Месси келажагини 2022 йилги жаҳон чемпионатидан кейин ҳал қилади. У мундиал олдидан футболдан ташқари нарсаларга чалғишни истамайди.

  • “Mundo Deportivo”: “Барса” Месси қайтишни хоҳлаётганига ишончи комил. Клуб буни баҳорда футболчи билан муҳокама қилган. Аммо Месси текинга ўтса, раҳбарият у билан шартнома имзоламайди. Сабаби “кўк-анорранглилар” ортиқча пул сарфлашни истамаяпти. “Барселона”да трансферни амалга ошириш учун маблағ йўқ.

  • “Get French Football News”: Ҳозирча Мессининг парижликлар билан янги шартнома имзолаш имконияти бошқа клубга ўтишдан кўра юқорироқ. Бунга ПСЖ томонидан аллақачон тайёрланган таклиф сабаб бўлди, бироқ томонлар ҳали янги битимни муҳокама қилмаган.

  • AS”: Месси ёзда Лапорта билан икки марта телефон орқали гаплашган. Бу суҳбатлар нима ҳақида бўлганини ҳеч ким билмайди.

Нега ҳамма бирдан Мессининг Барселонага қайтиши ҳақида гапираяпти?

2021 йил ёзига қайтайлик. Клуб президенти Жоан Лапорта Хосеп Бартомеудан қолган молиявий фалокатни кўриб ҳайратда қолди: “Барса”нинг катта қарзи бор, янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишда қийинчиликлар ва маошнинг пастлиги. Бундай шароитда Мессини клубда қолдириш имконияти йўқ эди.

Мана, Лапортанинг Месси кетганидан кейин берган илк интервьюларидан бири:

“Биз учун бу фожиа. “Барселона” ва Лео бир-биридан ажралмас қисмлардек эди. Аммо вазият шундайки, ҳозир ҳамкорлигимиз тўхтатилиши керак. Менинг орзуим — Леони ўзи уйига, Каталонияга қайтариш. У Барселонада бўлиши зарур. Бир кун келиб, биз бу масалага яна қайтамиз”.

Барселона ҳақиқатан ҳам Леони ортга қайтариш ҳақида ўйлаётганга ўхшайди, аммо бир қатор қийинчиликлар мавжуд:

  1. “Барселона” Лео Мессининг ПСЖдаги маошини бера олмайди. “Fbref” статистик нашрининг хабар беришича, Париж клуби ҳужумчига 1 мавсум учун 60 миллион евродан кўпроқ пул тўлайди. Таққослаш учун: Френкие Де Йонг “Барса”да энг юқори маошга оладиган футболчи ҳисобланади — мавсумига 37,5 миллион евро. Лапорта бундай суммани нотўғри маълумот деб атади. Унинг айтишича, ҳатто дунёнинг энг яхши футболчиларига ҳам берилмайди. Масалан, Роберт Левандовски йилига 20 миллион олади (клубдаги Де Йонг, Серхио Бускетс ва Жерард Пикедан кейин тўртинчи ўрин). Демак, Месси Каталонияга қайтмоқчи бўлса, катта маошдан умид қилмаса ҳам бўлади.

  1. Хави Мессига асосий ролни бермайди. Ҳозирда клуб фалсафаси — ёш футболчилар ортидан натижага эришиш. “The Athletic” нашри хабарига кўра, Хави Мессининг қайтишига қарши эмас, аммо унинг майдонда эмас, балки кийиниш хонасида етакчи бўлишини хоҳлайди. Қолаверса, Хавининг ҳозирги таркибида Месси ўйнашга қодир бўлган барча позициялар учун етарлича ўйинчилар бор.

  2. Мессининг Жерар Пике билан муносабатлари кескинлашгани ҳақида инсайдер бор эди. Бу можаро Лео ПСЖга кетишидан анча олдин бошланган. Лекин Месси қайтишига қадар Пике “Барса”ни тарк этиши мумкин. Сабаби, ҳимоячи жамоада катта маош олади. Бу эса “Барселона” раҳбариятига маъқул келмаяпти.

 

***

Ҳозирча бу хабарларнинг барчаси инсайдлар ҳисобланади. Аммо Месси Каталония клубидан кетаётган пайтида айтган сўзларини эсланг: Барча муаммоларга қарамай, Каталония менинг уйим бўлиб қолаверади. Эҳтимол, бир кун келиб “Барса” билан йўлларимиз яна кесишар”.

Жамшидбек Маҳмудов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!