«Барселона» қайси футболчилар билан камчиликда ҳаракат қилмоқда?!

Яқиндагина «Барселона» собиқ футболчиси Христо Стоичков жамоанинг айни дамдаги аъзоларини кескин танқид қилди. Айниқса, Антуан Гризманн ҳақида қаҳрамонимиз айтган сўзлар интернетни «портлатиб» юборди:  “Ҳар сафар Антуан асосий таркибда майдонга тушганида, «Барса» бир киши кам бўлиб ҳаракат қилмоқда. Агар раҳбарият клуб узоқ йиллик лойиҳага эга бўлишини истаса, Гризманни сотиб юбориши керак”.

Болгариялик собиқ футболчи айтган сўзларга қўшилишимиз мумкин. Бугунги кунда клуб сафида Гризманн сингари жамоа ўйинини орқага тортаётган футболчилар мавжуд. Бугун ана шундай футболчилар ҳақида сўз боради.

20201024_215817

Мартин Брэйтуэйт

Даниялик футболчини таркибга қўшиб олгач, «Барселона» Луис Суаресни қўйиб юборишга қарор қилди. Тўғриси, Мартин «Барса» ёки бошқа гранд клуб даражасидаги ижрочи эмаслиги аввал бошидан маълум эди. Ла Лига ва ЕЧЛ учрашувларида 22 бор майдонга тушган бўлса-да, қаҳрамонимиз бирорта ўйинда ишончли кўринмади, «Эйбар» ёки «Ювентус»га қарши оғир учрашувларда фойдасиз эканини исботлаб қўйди. Оқибатда, Куман уни тўлиқ захира футболчисига айлантирди.

Ачинарлиси шундаки, Мартин захирадан ўйинга қўшилсада, керакли эффектни бера олмаяпти. Шу боис, жамоани тарк этиш учун биринчи рақамли номзодлардан бири сифатида бемалол уни кўрсатишимиз мумкин.

fc-barcelona-v-real-sociedad-la-liga-5ea0a184ec782053e4000001

Миралем Пьянич

Афсуски, Пьяничнинг трансфери ҳам омадсиз бўлиб чиқди. Айниқса, тактик жиҳатда «Барселона»га Миралем умуман мос келмади. Қаҳрамонимиз Роналдуни ташлаб, Мессининг олдига келган эди, бироқ ниятига ета олмади. Асосий таркибдан тушиб қолгани етмаганидек, клуб фалсафаси ўзига бегона эканлигини англаб етди. Майдонда 1000 дақиқадан ортиқ ҳаракат қилган бўлса-да, ҳисобига бирорта ассист ёздириб қўйгани йўқ. Диспетчер голли узатма бермаса, унинг клубга нима кераги бор? Ҳатто, Фирпо ва Мориба ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйишга муваффақ бўлди. Уларнинг бири ҳимоячи бўлса, иккинчи эндигина 18 ёшга тўлган. Шу йигитларчалик бўлмаган босниялик ҳам Каталониядан кўчиб кетишга асосий даъвогарлардан бири.

miralem-pjanic-durante-un-partido-del-fc-barcelona

Усмон Дембеле

Лапорта сайловларда ғалаба қозонгач, Усмонни жамоада узоқ олиб қолмоқчи эканини маълум қилди. Яқинда французга 3 йиллик шартнома таклиф этилиши ҳақидаги миш-мишлар янграб турибди.
Жоан "Реал"да Флорентино Перес Винисиусни қандай қилиб ўз қанотига олган бўлса, Дембелени ҳам шундай ҳимоя қилишга киришди. Бу йигит учун Каталония жамоаси маош ва бонусларни қўшиб ҳисоблаганда 200 миллион евро сарфлади.

Усмон иқтидорли йигит, аммо унга барқарорлик етишмайди. У кучсиз рақибларга қарши ишончли кўриниши мумкин, аммо керакли паллада доимо «қовун» туширишда давом этмоқда. Вазиятлардан фойдаланиш, жароҳатдан нари бўлиш, ички муҳит ва тартиб-интизом борасида муаммоларга эга Усмонни сотиб юбориш клубга зарар келтирмаслиги аниқ. Унинг трансферидан келиб тушган пулларга ёш ва ғалабаларга ўч янги кучларни клубга жалб этиш мумкин.

ousmane-dembele-1200-1

Филиппе Коутиньо

Каталония жамоаси ўйин схемасига Коутиньо сингари эркин ижодкор керак эмас. Рональд Куман қанчалар истамасин, Филиппега майдонда жой топа олмади. Боз устига, бразилиялик ярим ҳимоячи жароҳат ҳам орттириб олди. «Бавария» билан ЕЧЛда зафар қучган йигитни Каталония сотиб юбормаганидан ҳозир афсус чекаётгани аниқ.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Коутиньо камида 114 кун футболдан четда қолишига тўғри келади. Агар майдонга қайтса ҳам, уни асосий таркибда кўришимиз даргумон. «Ливерпуль» билан тузилган шартномага кўра, агар Филиппе яна 7 ўйинда иштирок этса, мерсисайдликлар «Барса»дан 5 миллион еврони бонус тариқасида қабул қилиб олади.

Аслида, Коутино аллақачон жамоани тарк этиши лозим эди. Прессингда жуда бўш ҳаракат қилгани учун ярим ҳимояда муаммолар пайдо бўлганини «Кадис», «Валенсия» ва «Атлетико»га қарши ўйинлар кўрсатиб берди. Биргина Коутиньо учун клуб 10 йиллик ўйин фалсафасидан воз кечилмайди. Шундай экан, уни қўйиб юборишнинг ҳозир айни вақти.

GettyImages-1273562681-e1606614773791

Антуан Гризманн

Амалдаги ЖЧ ғолибининг статистикаси чакки эмас - 8+6! Лекин унинг «Атлетико»даги фаолиятига назар ташласангиз, бу рақамлар қанчалар кичик эканлигини дарров англайсиз. Симеоне Антуаннинг атрофида жамоани шакллантиргани боис, Гризманн мавсумни 15+10 дан кам кўрсаткич билан якунламаган.
Стоичковнинг сўзларида ҳақиқат бор. Антуан кучли футболчи, бироқ у етакчи эмас. Бундай йигитлар ҳал қилувчи баҳсда майдонда кўринмай қолади. Мисол учун, ПСЖ билан икки ўйинни олайлик. 180 дақиқа давомида Антуан атиги икки бор дарвоза сари зарба йўллади, холос. Таянч ярим ҳимоячиси Серхио Бускетснинг зарбалари сони уникидан икки баробар кўпроқ.

Ўтган мавсумда «Бавария»қарши баҳсни ёдга олинг. Қаҳрамонимиз иккинчи бўлимда майдонга чиқди, аммо «сувга тушган тошдек» йўқ бўлиб кетди.

i

Лионель Месси

Аргентиналик футболчини бу рўйхатда кўриш бироз ғалати, аммо бунга ўзига яраша сабаблар мавжуд. Бундан 3 йил илгари «Манчестер Сити» Лео учун 200-300 миллион евро атрофидаги суммани таклиф этган эди. Каталонияликлар эса, рад этган Мессини жамоада олиб қолишга қарор қилади. Якунда нима бўлди? Клуб Лео учун деярли ярим миллиард евро маош тўлади. Оқибатда, жамоа қарз ботқоғига ботиб қолди. Агар Месси ўз вақтида қўйиб юборилганида, ҳозир ўша пуллар Виржил Ван Дейк, Эрлинг Холанд, Килиан Мбаппе ёки бошқа ёш футболчига сарфаланган бўлар эди. Бу вақт оралиғида янги мутахассис Мессисиз «Барселона»ни тўлиқ шакллантирган ва аллақачон бу жамоа натижа бериши лозим эди.
Ҳозир ҳам Лео сайёрамизинг энг кучли футболчиларидан бири. Унинг юқори даражадаги футболчи эканлигини борасида ҳеч қандай саволларга ўрин йўқ. Шундай бўлса-да, «Барселона» учун унинг жамоада қолиши жуда қимматга тушгани ҳам рост. Ички муҳит, янги сайловллар, улкан маош ва турли бонуслар Каталония жамоасини анча эзиб қўйди. Боз устига, энди Месси ўзи истаган пайтда эркин агент мақомида клубни тарк этиш ҳуқуқига эга.

messi-clasico


Унинг кетиши эса, бутун бошли жамоани қулашига олиб келади. Бугунги кундаги «Барса» Месси атрофида қурилган. У кетса, бутун бошли жамоа «бошсиз чавандоз»га айланиб қолади. Оқибатда, янги жамоа тузиш учун яна миллионларни сарфлаш лозим. Икки ўртада, клуб 3 йилни бой берди.
"Кўк-анорранглилар"га янги етакчи керак!

Ҳозирги «Барселона»ни кўринмас футболчилар жамоаси десак, адашмаган бўламиз. Клуб аввалги «енгиб бўлмас» номини йўқотиб қўйган. Кўпчилик Мессини олиб қолиш керак, деган фикрда, бироқ бундан кимга наф? Лео бугун ёки келаси йил нари борса икки йилдан сўнг, у барибир кетади. Унга тўланган маошни бемалол янги трансферлар ва жамоани қайта қуришга сарфлаш мумкин.

Бускетс, Альба, Умтити, Тер Штеген ҳам икки ёки уч йилдан сўнг, қария футболчиларга айланади. Янги жамоа қуриш учун бироз мардлик лозим. Лапорта «Барса»нинг янги версиясини мухлисларга тақдим этмоқчи бўлса, ишни таркибни тозалашдан бошлаши керак. Сўнгги йилларда Мессига ишонган мухлислар ЕЧЛ плей-оффларида беш бор («Ювентус», «Рома», «Ливерпуль», «Бавария», ПСЖ) "Барселона"нинг йирик ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилишга мажбур бўлди.

GettyImages-1147641390

Бундай аламли мағлубиятлар ортида эски муаммоларнинг таъсири бор эканлигини англаш керак эди. Лео 30+15 натижа қайд этган бўлсада, клуб совринсиз қолиб кетганини кўрдик. Узоғи билан яна икки йилдан сўнг, Месси деярли фойдасиз футболчига айланади. Буни тан олиш ва келажак сари бугундан қадам ташлаш керак.

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!