"Барселона" собиқ "Реал" мураббийи туфайли "Фулхэм" билан ўйиндан бош тортди
«Барселона» ёзги тайёргарлик доирасида режалаштирилган «Фулҳэм»га қарши ўртоқлик учрашувини бекор қилди. Бу қарорга Лондон клубига собиқ «Реал» мураббийи Альваро Арбелоа келиб қўшилгани асосий сабаб бўлгани айтилмоқда.
«Фулҳэм» 7 июль куни Арбелоани жамоанинг бош мураббийи этиб тайинлаган эди. Англия клуби анъанавий ёзги мусобақа — Жоан Гампер кубоги доирасида «Барселона»нинг эҳтимолий рақибларидан бири сифатида кўриб чиқилган. Бироқ каталонияликлар Арбелоа иштирок этадиган ўйинни ўтказишни истамади.
«Барселона» мухлислари Арбелоани ҳали у «Реал» таркибида ўйнаган даврданоқ яхши қабул қилмаган. Мадрид клуби сафидаги фаолияти чоғидаги кескин тўқнашувлар ва майдондаги баҳсли вазиятлар уни «Камп Ноу» томошабинлари учун энг ёқимсиз рақиблардан бирига айлантирган эди. Ўтган мавсумда «Реал» бош мураббийи сифатидаги фаолияти ҳам бу муносабатларни юмшатмади.
43 ёшли Арбелоа «Реал» тарбияланувчиси ҳисобланади. У мадридликлар билан бирга 2012 йилда Испания чемпионлигини, 2011 ва 2014 йилларда мамлакат кубогини, 2012 йилда Испания суперкубогини қўлга киритган. Шунингдек, «Реал» таркибида 2014 ва 2016 йилларда Чемпионлар лигасини, 2014 йилда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва УЕФА Суперкубогини ютиб олган.
Футболчи сифатида Арбелоа «Депортиво», шунингдек, Англиянинг «Ливерпуль» ва «Вест Ҳэм» жамоалари шарафини ҳам ҳимоя қилган. Испания терма жамоаси таркибида эса у жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан, шунингдек, икки бор Европа чемпиони бўлган.
Июн ойида Арбелоа «Реал» бош мураббийи лавозимини тарк этди. Унинг қўл остида мадридликлар Испания чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаб, ғолиб «Барселона»дан саккиз очко орқада қолди.

Фикрлар