“Барселона” ёки “Реал”: Ким келаётган класикога яхши тайёрланмоқда?

Келаси ой “Камп Ноу”да Ла Лиганинг икки гранди ўзаро тўқнашади. 18-декабр куни “Барселона” “Реал”ни ўз майдонида қабул қилади.

2019/2020-йилги мавсумдаги илк класико 26-октабрда бўлиши режалаштирилган эди. Каталониядаги сиёсий протестлар, иш ташлашлар оқибатида ўйин санаси кечиктирилди. Хавфсизлик масалалари туфайли биринчи ўйинни Мадридда ўтказишни таклиф қилишди, аммо “кўк-анорранглилар” бу таклифни рад этди. Жамоалар 18-декабр санасига келишиб олишди.

Ҳар доимгидек, класико олди босим кучайиб бораверади. Охирги пайтларда жамоалар фақат обрўлари учун ўйнашган бўлса, бу сафар нафақат обрў, балки, турнир жадвалидаги етакчилик учун ҳам кураш бўлади. Иккала жамоа ҳам бир хил очко тўплашган, фақат мадридликар айрим кўрсаткичлар бўйича ортда қолишмоқда.

Худди шунга ўхшаш ҳолат Ла Лиганинг бошқа жамоалари ўртасида ҳам юзага келди. “Атлетико Мадрид” ва “Севилья” 24 очко билан учинчи ва тўртинчи ўринда туришибди. Улардан кейин эса 23 очко билан “Реал Сосьедад” 5-ўринни эгаллаб турибди. Кўриб турганингиздек, турнир жадвалидаги биринчи ва бешинчи ўриндаги жамоалар орасида 2 очко фарқ бор.

Агарда класикогача натижалар ўзгармасдан, шу ҳолида қолса, “Барса” ва “Реал” ўртасидаги баҳс ўта қизғин тус олади. Ғолиб бўлган жамоа турнир жадвали етакчилигини қўлга олади. Бошқа томондан оладиган бўлсак, класикодан олдин Ла Лигада 4 та тур бор ва ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин.

Дам олиш учун кўп вақт.

Доимгидек, класико олдидан иккала жамоа футболчилари ўртасида “айтишув” бўлади. Бу сафарги иштирокчилар Рамос ва Пике.

“Мадрид” жамоаси ҳимоячиси “Барса” улардан 29 соат кўпроқ дам олиш имконияти борлиги ҳақида гапириб ўтди.

Ўтган жума куни Рамос Испания ва Малта ўйини олдидан бўлиб ўтган пресс-конференсияда ҳам бу ҳақида тўхталиб ўтди:

Биз қийин аҳволга тушиб қолдик. Ўйин белгиланган муддатда (26-октабр) бўлиши керак эди. Агар шундай бўлганда иккала жамоа ҳам ўйин олдидан бир хил дам олиш ҳуқуқига эга бўларди.

Ҳалигача ўйин вақтини ўзгартириш имкони мавжуд экан, шундай бўлишини умид қилишдан бошқа иложим йўқ. Агарда ўзгармаса, биз ғолиб бўлиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак.”

Пике эса Рамоснинг гапларига ўз муносабатини билдирди:

Бундай шикоятлар ҳар доим бўлган. Аммо бу тақвим, уни шунчаки қабул қилиш керак.

Албатта ўйин вақти ўзгармасдан қолиши бизга ҳам маъқул эди. Агарда биз улардан камроқ вақт дам олганимизда биз ҳам шикоят қилган бўлардик. Футболчилар 2-3 кун фарқи билан ўйнашга ўрганиб қолишган.”

Пике ёки Рамос. Қай бири ҳақ?

Skysports нашрига кўра, терма жамоалар ўйинидан қайтгач “Барселона” 23-ноябр санасида “Леганес”га қарши майдонга тушади, кейин 27-ноябрда Чемпионлар лигаси доирасида “Боруссия”га қарши баҳс олиб боради.  1-декабрда “Атлетико”, 7-декабрда “Мальорка”, 10-декабрда эса “Интер”га қарши баҳс учун Миланга боришади. Класикогача бўлган ўйинларнинг охиргиси "Реал Сосьедад"га қарши 14-декабрда бўлиб ўтади.

“Реал Мадрид” эса 23-ноябрда "Сосьедад”га қарши, 26-ноябрда ПСЖга қарши, 30-ноябрда эса “Алавес”га қарши баҳс олиб боришади. 7-декабрда “Эспаньол” билан ўйнаса, 11-декабрда меҳмонда “Брюгге” кутиб турибди. “Камп Ноу”дан битта олдинги бекат Валенсияда 15-декабр куни “Кўршапалаклар” майдони бўлади.

29 соат кўпроқ дам олиш, Рамос айтганидек, каталонияликларнинг устун жиҳатларидан бири.

“Барса”нинг “Сосьедад”га қарши ўйинини ҳисобга оладиган бўлсак, бу устунлик шубҳа остида қолади. Чунки рақиб 5-ўринни банд этиб турибди ва орасидаги фарқ 2 очко.

Сўнгги қарор

 

Нейтрал олиб қарайдиган бўлсак, “Барселона”ни Чемпионлар лигасида “Интер” ва “Боруссия”га қарши қийин ўйинлар кутиб турибди. Бу Вальверде олдида жиддий вазифа турганини, жамоа ҳолатини яхши сақлаб қолишга мажбур эканлигини билдиради. “Реал”да эса нисбатан осонроқ рақиблар бор. Ундан ташқари Зидан ёшлардан ҳам унумли фойдалана оляпти, Родриго, Федерико Вальверде каби ёш футболчилар бундай пайтларда ўзини кўрсатишига имкон яратилади.

Класико шундай ўйинки, натижани олдиндан айтолмайсиз, хоҳ футболчилар ёмон ҳолатда бўлишсин, хоҳ энг юқори формасида бўлишсин. Европадаги энг катта қарама-қаршилик ҳисобланади бу икки гранд ўрасидаги баҳс. Ҳар қанақа ҳолатда ҳам улар майдонга кириб келиши билан ҳамма кўрсаткичлар 0 га туширилади ва улар ўртасида тенглик ҳосил бўлади. Шундан сўнг майдонда ўзаро ҳисоб-китоб бошланади.

Роналду кетганидан сўнг, “Эл-Класико”ларда “Барса”ни фаворитга чиқариб қўйишди. Аммо охирги пайтларда “Реа” кучли ўйин намойиш қиляпти, Азар ва унинг жамоадошлари Ла Лигада яхши натижаларга эга бўлиб боряпти. 18-декабр куни бизни жуда кўп сюрпризлар кутяпти. Унгача эса ким кучли эканлигини айта олмаймиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!