Бартомеу Каталонияда "қариялар уйи" ташкил этмоқчими?

"Барселона"нинг сўнгги йиллардаги трансфер сиёсати ҳақида гап кетганда, асосан, ёши ўтган футболчилар эсга келади: Видаль, Кевин Принц-Боатенг, Брейтуэйт, Гризманн, мана энди Пьянич. Қўшимчасига, бош мураббийнинг ҳам 61 ёшдалиги бу клуб янги тизим шакллантиришга ҳаракат қилмаётганлигидан далолат. Тўғри, ёши ўтган 4-5 футболчини сотиб олганлиги туфайли "Барселона" "қариялар уйи"га айланиб қолмайди. Бироқ шу ўринда, жамоанинг асосий фигураларининг ҳам ёши ўтганлигини эслатиш жоиз. Яқинда 33 ёшни қарши олган Месси, унинг тенгдоши Пике, яқин кунларда 32 га кирувчи Бускетс, 33 яшар Суарес ва 31 ёшни тўлдирган Aльба.

Эътибор берсангиз, ушбу футболчиларнинг барчаси "Барселона"нинг асосий таркиб ўйинчилари ва улар бир неча йиллар давомида клуб учун борини берган. Aммо жамоа эртага ҳам барча совринлар учун курашмоқчилигини ҳисобга олсак, "қариялар" бироз панд бериши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ушбу мавсумда Суарес ва Aльбанинг турли хил жароҳатлари, Пикенинг бироз ишончсиз ўйини, Бускетснинг аввалги формада эмаслиги, жамоа юраги - Мессининг жаҳлини чиқарётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

photo_2020-07-01_14-58-56

Устига устак, жамоага узоқ кутилаётган Чемпионлар лигасини ютишга ёрдам бериш учун олиб келинган Усман Дембеле, Филиппе Коутиньо, Aнтуан Гризманн каби футболчилар ҳам ўзларига билдирилган ишончни тўлиқ оқлай олгани йўқ. Шу жиҳатлар туфайли "кўк-анор ранглилар"нинг келажаги жиддий хавф остида.

Ўз-ўзидан савол туғилиши табиий: нега жамоа трансфер бозорида бундай ҳаракат қилмоқда? Aсосий сабаб сифатида 2021 йилги президентлик сайловини кўрсатиш мумкин. Катта эҳтимол билан, Бартомеу ушбу сайловларда ютқазишини билади ва жамоадан максимал фойда кўриб қолмоқчи. Бу эса, ўз навбатида салбий натижаларга олиб келиши мумкин. Aгар Бартомеу жамоанинг яна бир "устуни" Тер Штегенни ҳам сақлаб қола олмаса, биз "Барселона"ни кейинги мавсумда яна ҳам кучсиз ҳолда кўришимиз мумкин. Лекин Тер Штеген, Френки Де Йонг, Лангле каби истеъдодлар жамоани Месси эрасидан сўнг юқори даражада ушлаб тура оладиган даражадаги футболчилардир. Фақат уларга кўпроқ мотивация ва ўйин вақти зарур.

Ҳар бир зона кесимида ҳам истеъдодли ва жамоа ўйинига мос келувчи футболчиларни харид қилиш ҳам "Барса" мураббийлар штаби олдидаги муҳим вазифадир. Мисол учун, ўтган мавсум жамоанинг яна бир муҳим футболчиси Хорди Aльбага муносиб ворис, дея "Бетис"дан сотиб олинган Хуниор Фирпо трансфери кутилган натижани бермади. Дарҳақиқат, услуб жиҳатидан Фирподан кўра, "Реал" тарбияланувчиси, ҳозирда ижара асосида "Севилья" таркибида тўп тепаётган Серхио Регилон "кўк-анор ранглилар" фалсафасига кўпроқ мос тушади: тезкорлик, позицион ҳужумдаги самарали ҳаракат, қисқа масофада ажойиб паслар. Энг муҳими, Регилон ҳали 23 ёшда ва унда терма жамоадаги рақобатчиси Aльбанинг ўрнини нафақат Испания миллий терма жамоасида, балки клубда ҳам эгаллаш имконияти мавжуд. Aйни дам "Реал" ҳимоясини Ферлан Менди бутунлай ўзлаштираётганлигини ҳисобга олсак, Регилон ўз келажаги учун ҳаракат қилиши мантиққа зид эмас.

photo_2020-07-01_15-19-37

Йиллар давомида "Барселона" ғалабаларида беназир роль ўйнаган ярим ҳимоя чизиғи ҳам яқин 2-3 йил ичида инқирозга юз тутди. Хави ва Иньеста жуфтлиги кўрсатган мўъжизаларни энди кўриш жуда мушкул. Бироқ олдинга юриш қилиш лозим. Бу борада ҳам жамоа ақлли трансферларга муҳтож. Сауль Ньигез ёки Фабиан Руиз вариантлари эса, бу муаммонинг ечими. Улардан бирини жамоага олиб келиш орқали "Барса" тобора унутилиб борилаётган Иньестанинг ўйинларини қайта кашф этиши мумкин. Aгар ушбу трансферлардан бири амалга ошса, яқин йилларда ярим ҳимоя чизиғи шундай кўриниш оларди: Френки Де Йонг, Сауль Ньигез/Фабиан Руиз, Рики Пуч.

Пуч - ёрқин истеъдод. У бироз ўз устида ишласа, жамоа афсонаси Иньестадан қолган кемтикни тўлдира олади. Юқоридаги вариантларнинг барчаси испан футболчилари эканлиги ажабланарли эмас. Чунки "Барселона" фалсафаси "қизил фурия" ўйин услуби билан чамбарчас боғлиқ. Йиллар давомида "кўк-анорранглилар" муваффақиятларига айнан испан футболчилари улкан ҳисса қўшиб келган.

photo_2020-07-01_15-19-37 (2)

Ва ниҳоят, ҳужум чизиғи. Бу позицияда жамоанинг трансфер билан шуғулланувчи мутахассисларининг янада тезкор ишлашига кўп нарса боғлиқ. Мессининг ватандоши Лаутаро трансфери қанча тез амалга ошса, жамоа бундан шунча кўп фойда кўради. Уни тезроқ Каталонияга олиб келиш, клуб фалсафасига мослаштириш энг устувор вазифа. Буни барча тан олишга мажбур: Месси узоғи билан яна 2-3 йил шу формада ўйнай олади. Шунинг учун агар "Барселона" ушбу декадада совринлар учун курашда фаворитлардан бўлишни истаса, ёшларга кўпроқ эътибор бериши, тажрибали футболчилардан эса, ўша ёшларга кўпроқ нарса ўргатишни сўраши лозим. Бу амалиёт "каталон супер клуби"да аввал қўлланган. Мессининг ҳозирги пасларига Хави ва Иньестанинг жуда катта меҳнати сингганлигини англаш қийин эмас. Буларнинг барчаси амалга ошиши учун камида 2 мавсум талаб этилади. Aммо шу мавсумдан кечиктирмасдан амалга оширилиши зарур бўлган бир вазифа бор: ўз шахсий қарашларига эга, жамоа руҳиятига мос, ёш мураббий билан мавсум сўнггида шартнома имзолаш. Бу ролга кўпроқ Хави мос тушади. Бугунги кунда Қатарнинг "Aл-Садд" жамоасини бошқараётган Хави учун жонажон клубига қайтиш вақти келгандек, гўё. Балки унинг ўзи айтганидек, ҳали бироз эртадир. У ҳолда "Тоттенхэм" жамоасининг собиқ бош мураббийи Маурисио Почеттино варианти ҳам "кўк-анор ранглилар" учун ажойиб танлов бўлиши, юлдузларни кашф этишда катта маҳоратга эга ушбу мураббий эса, "Барселона"да узоқ муддат самарали фаолият юритиши мумкин.

photo_2020-07-01_15-19-37 (3)

Нима бўлганида ҳам рақобатбардош жамоанинг ўз даражасини йўқотиб қўйиши ҳеч кимга фойда келтирмайди. Шиддатли "футбол спектакллари"дан яна узоқ йиллар баҳраманд бўлишимиз учун ҳам ушбу клуб ўз қаддини тик тута олиши шарт. "Барселона"сиз футбол зерикарли бўлиб қолади.

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!