"Башакшеҳир" мураббийи Шомуродовнинг ҳужумдаги ролини тушунтирди
“Истанбул Башакшеҳир” ҳужумчиси Элдор Шомуродов жорий мавсумда ажойиб ўйин кўрсатиб, жамоанинг энг муҳим футболчисига айланди. Клуб бош мураббийи Нури Шаҳин ўзбекистонлик форварднинг салоҳиятига юқори баҳо берди.
"Менимча, Шомуродов лигамиздаги энг ақлли ҳужумчилардан бири. Ҳозир у кўпроқ қанотларга чиқиб ўйнаяпти ва жуда ақлли ҳаракат қилади. Биз ундан имкони борича максимал фойда олишга ҳаракат қиляпмиз. Унга эркинлик ва майдонда лидерлик беряпмиз.
Элдор эса бу ишончга гол ёки ассист билан, энг муҳими эса ҳужумдаги ҳаракатлари билан жуда яхши жавоб қайтаряпти. Шу сабабли унинг ўйинидан жуда мамнунман. Бу — мен ёқтирадиган ўйин услуби. 4-3-3 тактикасида айнан Шомуродов керак. Элдор ажойиб хусусиятларга эга", — деди мутахассис.
Маълумот учун, Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасининг тўпурарлар рўйхатида 15 та гол билан пешқадамлик қилмоқда.
Фикрлар