“Бавария” бош мураббийи мағлубият сабабини айтди
Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби – “Бавария” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик шогирдлари жорий мавсумда мусобақани эрта тарк этганига изоҳ берди. Хабарингиз бор, мюнхенликлар чорак финалнинг икки ўйини натижасига кўра, ПСЖни ярим финалга ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
Ушбу босқичдаги дастлабки учрашувда мюнхенликлар ўз майдонида парижликларга 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди, Париждаги жавоб ўйинида кичик ҳисобдаги ғалабага қарамасдан, меҳмонда урилган голлар қоидаси бўйича Бундеслига вакили мусобақани тарк этди.
- Агар биринчи учрашувда кўплаб голли вазиятларни кўкка совурмаганимизда ва учинчи голни ўтказмаганимизда, ПСЖ тўсиғидан ўтган бўлардик. Муваффақиятсизликка қарамай, жамоамга миннатдорлик билдираман. Рақибни табриклаш адолатдан бўлади.
Одатда шогирдларим ҳужумни якунлашда кучли ўйин кўрсатади. Бугунги жавоб учрашувида шу омил етишмади. Биз бу мағлубиятни тан олишга мажбурмиз, - деди Ханс-Дитер Флик.

Фикрлар