Бахтиёр Ашурматов: "Курашмайдиган футболчилар кейинги ўйинлардан захирада қолади"

Жиззахда ўтган “Сўғдиёна” – “Қўқон-1912” (3:0) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов йирик ҳисобдаги мағлубият сабаблари ҳақида гапирди.

- “Сўғдиёна”нинг кучини қайси жиҳатларда эканини билардик. Футболчиларимизга ҳам таъкидлагандик, уларнинг биринчи кучи стандарт вазиятлар, иккинчиси тажовузкор футбол кўрсатишади, якка курашлардаги кўп вазиятларда ғолиб чиқишади ва охиригача курашади.

Афсуски, биз айтган жиҳатларда ютқаздик. Шохруз Норхонов стандарт вазиятларда жуда хавфли эканини айтгандик. Бироқ бурчак зарбасидан кейин уни “йўқотиб” қўйдик ва гол ўтказдик. Бу гол ўйинда туб бурилиш ясади. Иккинчи голда биз марказда якка курашда ютқаздик ва рақиб гол урди.

Шундан кейин таваккал қилишга мажбур бўлдик ва учта ҳужумчи билан ўйнадик. “Сўғдиёна” учун бўшлиқлар пайдо бўлди. Натижада улар бундан фойдаланди. Биринчи бўлим билан иккинчи бўлим ўртасида катта фарқ бўлди. Иккинчи бўлимни жуда бўш ўтказдик. “Сўғдиёна” жамоаси эса иккинчи бўлимда ҳар томонлама кучлилигини кўрсатди.

Мезбонларни табриклаймиз. Шунча йўл босиб жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун мухлисларимиз етиб келишганди. Ҳамма нарсани тушунишим мумкин, айтайлик, футболда ютқазиш ёки рақиб жамоа омадлироқ чиқиши ва имкониятлардан фойдаланиши мумкин. Лекин футболчилар жонини бериб ўйнамагани, якка курашларда соғлигини ўйлаб курашмаганларни тушунмайман. Мана шундай курашмайдиган ўйинчилар кейинги ўйинлардан захирада қолади. Ҳозир қайсидир футболчиларни айбламоқчи эмасман. Аммо биз якка курашларда ютқаздик. Таркибимизда танлаш имконияти кўп эмасди, бор имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Бироқ 3:0 ҳисобидаги мағлубият жуда оғриқли. Айб биз мураббийлар штабида, айбни ўз бўйнимизга оламиз. Уч кундан кейин яна ўйин ва тайёргарлик кўришимиз керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!