Бахтиёр Ашурматов: "Навбаҳор" билан Кубок финалида ҳам учрашишни истаймиз
Coca Cola Суперлигаси 26-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Навбаҳор” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов қатнашди.
- Авваламбор, бу йилги мавсумни юқори савияда ўтказган футболчиларимизга раҳмат айтаман. Улар охиригача шиддатли курашларда ўзларида куч топа олишди. Шогирдларим оғир келган мавсумда барча рақибларни жамоамизни ҳурмат қилишга мажбур этишди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик изҳор этаман.
Бугунги баҳс дербига хос шиддатли ва жанговор руҳда ўтди. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз. Бугун ҳам шу мақсадда майдонга тушгандик. Бугун мухлислар иккита бир-биридан чиройли голларга гувоҳ бўлишди. Ўйлайманки, ўйин мухлисларга манзур бўлди. Мавсум охирига келиб, таркибимизда жиддий йўқотишларга дуч келдик. Бир қатор футболчиларимиз жароҳат олди. Бугун бир нафар ҳужумчи билан ҳаракат қилишга мажбур бўлдик. Норбековда жароҳат бор эди, Райевацга жавоб бергандик. Ёш ҳужумчимиз Ҳамидулло Абдуҳамидов ҳам жароҳати билан майдонга тушди. Шундай бўлса-да, мавсумни кўнгилдагидек якунлай олдик.
"Турон" жамоасининг Суперлигага йўлланма олгани барчамизни хурсанд қилди. Қолаверса, ҳали "Нефтчи" жамоасида ҳам имконият бор. Вилоятимизда Суперлига жамоаларнинг кўп бўлиши барчамизга катта фойда беради. Шунингдек, вилоятимиз раҳбарлари ҳам футболни севадиган инсонлар.
Етакчи футболчиларимиз Мурод Холмуҳаммедов, Қувондиқ Рўзиев, Александр Мерзляков, умуман барча футболчиларимиз бу йилги мавсумда ажойиб ўйин кўрсатишди. Ҳамма футболчилар билан ака-укадек бўлиб кетдик. Қолаверса, улар мухлисларнинг ёқимтойларига айланиб улгуришди. Мен бу ўйинчиларимиз янги мавсумда ҳам жамоамиз сафида қолишига ишонамиз. Агар уларга хориждан таклиф бўлса, кетишлари мумкин, холос.
Бугунги ўйинда ҳамда бутун мавсум давомида жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларимизга ўзим номимдан ва жамоамиз номидан чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Шундай мухлисларимиз борлиги билан фахрлансак арзийди.
Олдимизда Ўзбекистон Кубоги баҳслари кутиб турибди. Кубок баҳсларида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз. "Навбаҳор" жамоасига ҳам бу йўлда омад тилайман. Балки, насиб қилса Наманганда яна "дерби" бўлар. Шундай яхши ниятда ишлашда давом этамиз.
Фикрлар