Бахтиёр Ашурматов: Яна иккита қадам қолди...

“Қўқон-1912” жамоаси Ўзбекистон Кубоги чорак финал босқичида Муборакда “Машъал” клубини ягона гол эвазига мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди. Беллашувдан сўнг, қўқонликлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов қуйидагиларни айтди:

- Рости, йигитларимиз ўзларида куч топа олаётганлари учун уларнинг манотанига қойил қоляпман. Мураббийлар штаби номидан ўйинчиларимизга миннатдорлик билдираман. Мағлубиятга учраганимизда йўқотишларимиз бор ёки бошқа нарса, демаган бўлардим. Бугунги учрашувда 8 нафар футболчимиз иштирок эта олмади. Шунга қарамай, йигитлар ўзларида куч топа оляпти ва бугун ярим финалга чиқдик. Яна икки қадам қолди ва футболчиларимиз яна куч топа оладилар. Охиригача муносиб қатнаша оламиз.

Биринчи бўлимда ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Афсуски, иккинчи голни кирита олмадик. “Машъал”нинг иккинчи таймда бироз кучи кўпроқлиги билинди. Улар “Шўртан” билан учрашувда айрим ўйинчиларига дам берганди. Биз эса иккинчи бўлимда чарчаб қолдик. Охирида дарвозабонимиз Музаффар Абдуллаев ажойиб сейв кўрсатиб ғалабамизни сақлаб қолишга катта ҳиссасини қўшди. Кўз тегмасин, дарвозабонларимиз борасида бизда муаммо йўқ. “Машъал” жамоасига ўйин давомида фэйр-плейга амал қилиб ўйнаганлари учун миннатдорлик билдираман. Муборакда жанговор жамоа бор. Охирги тўртта учрашувдан бери ютқазишмаётганди. Ўйлайманки, биз муносиб рақиб устидан ғалаба қозониб ярим финалга чиқишга муваффақ бўлдик.

Охирги пайтларда Қувондиқ Рўзиев жароҳат билан ўйнаётганди. Яна айрим етакчиларимизда ҳам жароҳатлар бор эди. Негаки, мавсум узоқ давом этгани боис уларга ҳам осон эмас. Захирамиз бироз тор бўлиб қолганди. Ўйлайманки, ярим финалгача имкон қадар тайёр бўла оламиз, - деди Ашурматов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!