Бахтиёр Ҳамидуллаев: Бундан буёғига режаларимиз бошқача бўлади

Coca-Cola Суперлиганинг 15-тур доирасида “Андижон” ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилди ва учрашувдан сўнг, одатдагидек матбуот анжумани уюштирилди. Унда мезбонлар бош мураббийи Бахтиёр Ҳамидуллаев иштирок этди ва ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- “Насаф”ни қандай жамоалигини биламиз, кўп йиллар давомида шаклланиб келган. Бу жамоага қарши очиқ ўйин кўрсатсак, ҳисоб йирик кўриниш олиши мумкин эди. Шу сабабли иккинчи рақам остида ҳаракат қилдик. Гол уриш учун етарлича имкониятларимиз бўлди. Ҳар доимгидек, яна ўша аҳвол. Ўрта чизиқ вакиллари билан анча ишлагандик, мана бугунги учрашувда марказда яхши ўзгаришлар кўринди. Энди бундан буёғига режаларимиз бошқача бўлади.

- Ўйин охирларида Усмонали Исмоналиев билан Фарҳод Бекмуродов ўрин алмашди. Бу сизнинг кўрсатмангизмиди?

- Йўқ. Тушуниш керакки, ўтган сафар ҳам гол унинг хатоси билан бўлганди. Чунки у ўйнаётган жой Усмоналининг позицияси эмас. Аслида марказда ўйнайди, бироқ ноиложликдан ҳимояда ўйнатяпмиз. Бугун ҳам хато қилиб қўйди. Ишончни оқлайман деб, ўз хоҳиши билан олдинга қараб кетди. Ҳали бу тўғрисида ўзи билан гаплашамиз.

- Сизга ёрдам бераётган мураббий Даврон Абдуллаев илгари футбол ўйнаганми? Масалан, олдингизда тажрибалироқ мутахассис ёрдам берса бўлмайдими?

- Ҳа, мумкин. Бу тўғрисида ҳам гап бўлди. Ҳозир шу масала ҳақида ўйлаяпмиз. Барибир битта мураббий керак. Куни кеча у Тошкентга “В” лицензияси учун кетганида жамоада мен билан дарвозабонлар мураббийи қолдик холос.

- Бугун дебютини ўтказган ёш ҳужумчимизни иккинчи Ҳамидуллаев, десак бўладими?

- Ишончимиз шу ёшлардан. Раҳбарият ҳам эътиборни ёшларга қаратишимиз кераклигини тайинлаган. Яна бошқа иқтидорларимиз бор. У майдонга чиқиб ўйинни бузмади, қайтанга бироз кучайтирди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!