Бахтиёр Ҳамидуллаев: Ҳужумчиларимизнинг миясида сен гол ура олмайсан, деган гап ўрнашиб қолган
Coca-Cola Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган “Андижон” ҳамда “Локомотив” жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Бахтиёр Ҳамидуллаев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, бугун ғалаба қозонишимиз мумкин эди, - дея гап бошлади Ҳамидуллаев. - Биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам голли имкониятларни яратдик. Лекин биринчи даврада ҳужумчиларимиз қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай, улар ҳали гол ургани йўқ. 65-70- дақиқалардан сўнг жамоа чарчаб қоляпти. Жисмоний тайёргарлик бўйича муаммо бор. Биз эса ҳали қисқа фурсат ичида ҳеч нимага улгурганимиз йўқ. Гарчи майдонда бир футболчи кўп бўлсак ҳам жисмоний тарафдан қийналдик.
- Бунгача Фарҳод Бекмуродов жамоа сардори эди, лекин бугун Абдуллоҳ Олимовга сардорлик боғичи топширилди. Бу сизнинг қарорингизми ёки жамоанингми?
- Кеча жамоа аъзолари билан йиғилишда ким сардор бўлишини хоҳлайсизлар, дея овоз йиғдик. Сўровномада эса, мен ҳали кўрмаган Зозуля энг кўп овоз тўплабди. Иккинчи ўринда Абдуллоҳ Олимов ва ундан сўнг, Қаҳрамон Баҳодиров кўп овозга эга бўлди. Шунинг учун Олимов сардор сифатида тўп сурди.
- Сиз яхши ҳужумчи бўлгансиз. Жамоангиздаги ҳужумчилар эса, машғулотдан ташқари ҳам ўз устида ишлайдими?
- Ишни энди бошладик. Дастлаб, ҳимояга эътибор қаратгандик. Менимча, бугун мудофаа чизиғимиз ёмон ўйнамади. Фақат биргина хато туфайли биз жарима зарбасидан гол ўтказиб юбордик. Умуман, ҳимоядаги камчиликларни йўқотяпмиз. Ҳужумчиларимиз билан алоҳида ишлашга ҳали вақт бўлмади. Лекин албатта, улар билан жиддий шуғулланамиз. Беш кундан кейин яна ўйинимиз бор ва ҳужумчиларга қўлдан келганича тушунтиряпмиз. Имкониятлар бўляпти, фақат фойдалана олишмаяпти. Ҳужумчиларимизнинг миясида эса сен гол ура олмайсан, деган гап ўрнашиб қолган. Агар битта гол урса, кейин “очилиб” кетишади.
- Хушнуд Авилов асосан қанотдан ўйнарди. Бугун эса у марказий ҳимояда тўп сурди.
- Нигериялик Эммануэлга тўғриси ишонч унчалик юқори эмас. Машғулотлар давомида йигитлар кўрсатмаларни бажаришяпти-ю, лекин у ўз устида яхши ишламаяпти. Бор кучи билан ҳаракат қилмаяпти. Мен келгунимга қадар, Авиловни ўша позицияга тайёрлаб туришган экан. Лекин Авилов варианти ёмон чиқмади ва у яхши ўйнади.
- Зозуляни қайтариш масаласи нима бўляпти?
- 8 сентябрда келиши керак эди, аммо кела олмади. Лекин шу кунларда келиши кутиляпти.
Фикрлар