Белградга саёҳатнинг 1-куни ёхуд Туркия ҳамда непаллик боксчиларнинг Ўзбекистон терма жамоаси ҳақидаги фикрлари
Барча бокс ихлосмандлари орзиқиб кутаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олишига ҳам бор-йўғи 2 кун қолди. Сербия пойтахти Белград шаҳри мезбонлик қилувчи ушбу чемпионатга бўлган қизиқиш анчагина юқори. Тўғри, ҳаваскор бокс оламида ном қозонган баъзи боксчилар бу сафар иштирок этаётганлиги йўқ.
Шундай бўлса-да, жорий қилинган янги вазн тоифалари ва мукофот пулларининг залворли эканлиги, қолаверса, янги номларнинг порлаши кутилаётганлиги ҳам серб заминидаги жаҳон чемпионатига бўлган эътиборни оширгани аниқ.
Хуллас, ушбу бокс турнирини кенг тарзда ёритиш учун Sports.uz сайтидан уч нафар ҳамкасбим билан йўл олдик. Кеча, Тошкент-Дубай-Белград йўналишидаги парвозимиз давомида баъзи воқеликлар ҳам рўй берди.
Непалда ҳурмат қозонган ўзбекистонлик мураббий
Тошкентдан тонг саҳарда Дубайга парвоз қилдик ва у ердан Белградга йўл олиш учун уч соат вақт мобайнида аэропортда вақт ўтказдик. Ўша ерда хордиқ чиқариб турганимизда непаллик боксчилар билан танишиб, бироз суҳбат қурдик.
Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, олдимизга келиб, бокс бўйича жаҳон чемпионатига бораётганлигимизни бевосита хужжатларимизни божхона ходимларига тақдим этаётганлигимизда эшитганини ва улар ҳам ушбу турнирда иштирок этишларини айтиб қолди.
Суҳбатдошларимизни Непал терма жамоаси аъзолари эканлигини билганимиздан кейин, ҳамюртимиз Алишер Раҳимов Непал терма жамоасида мураббий сифатида ишлаганлигини айтдик.
Очиғи, Алишер акани исм-шарифини эшитганларидан сўнг, уларнинг бизга бўлган муносабати янада самимийлашди.
Ўз вақтида ажойиб боксчи бўлган, Алишер Раҳимов Непал терма жамоасида ҳам маълум вақт фаолият юритганди. Ушбу вақт мобайнида юртдошимиз "Жамолунгма" чўққиси жойлашган ушбу юртда жуда катта ҳурмат қозонганлигига амин бўлдик.
Уларнинг таъбири билан айтганда, ҳамюртимиз Непалда боксни янада ривожлантиришга ҳисса қўшганлигини, у бошқарган вақтда Непал терма жамоаси Жанубий Осиё чемпионатларида Ҳиндистонга хақиқий бошоғриқ бўлганлигини ва жуда ҳам кўп илиқ фикрларни билдирдилар. Қолаверса, ўзбек боксининг жаҳонда биринчи эканлигини ва бу сафар ҳам улар яққол фаворит бўлишини таъкидлаб ўтишди.
Шунингдек, -51 кг вазн тоифасида иштирок этиши кутилаётган Робин Тапа ушбу вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматовни техникасидан завқ олишини ва вакилимиз билан рингда жанг қилиш у учун юқори натижа эканлигини ҳам алоҳида айтиб ўтди.
- 57 кг вазн тоифасида непалликларнинг 1-рақамли боксчиси Пуран Рай Алишер Раҳимов уни юқори даражага кўтара олганлигини ва бу вазн тоифасида мазкур чемпионатда ҳамюртимиз Миразизбек Мирзахалиловнинг имконияти юқори эканлигини маълум қилди.
-67 кг вазн тоифаси вакили Санил Шаҳи ҳам жамоадошлари каби самимий сўзларни билдириш баробарида Ўзбекистон терма жамоасида бу вазнда ким иштирок этишини сўради. Биз эса Асадхўжа Мўйдинхўжаев юртимиз шарафини ҳимоя қилишини айтганимизда, унинг жавоби бизни янада хурсанд қилди. Яъни, у Асадхўжа ҳақида эшитмаганлигини, бироқ Ўзбекистонда оддий боксчини ўзи йўқлиги, барчаси чемпион бўлишга қодирлиги ҳақида сўз юритди.
Қисқа қилиб айтганда, непаллик боксчилар билан суҳбатимиз мазмунли кечди.
Туркиялик боксчи ва Фанат Қаҳрамонов...
Дубайдан Сербияга деярли 7 соат парвоз қилдик ва ниҳоят, ўзига хос шаҳар Белградга етиб келдик. Аэропортда AIBA вакиллари кутиб олди ва махсус автобусда меҳмонхона сари йўл олдик.
Бизга бириктирилган "Mona Plaza" меҳмонхонаcига борувчи йўл бироз тирбанд ва тор эканлиги инобатга олиниб, баҳайбат автобусни минисига алиштиришимизга тўғри келди. Шу жараён мобайнида бошқа меҳмонхонада бироз кутишимизга тўғри келди.
У ерда эса, Туркия терма жамоаси жойлашган экан. Бизни ўзбекистонлик эканлигимизни билишганидан сўнг, суҳбатимиз жонланди.
Суҳбатдошларимиз -60 кгда туркия терма жамоасидан ўрин олган Мизан Айкол ҳамда -75 кгда рингга кўтарилувчи Бирол Айгун экан.
Мизан Айколдан вазн тоифангизда Ўзбекистон терма жамоаси сафидан ким ўрин олганлигини биласизми, дея сўрадик. У Абдумалик Халаков эканлигини айтиш баробарида жуда яхши танишини ҳам айтиб ўтди. Ўз ўрнида эса Абдумаликнинг техникаси юқори эканлигини, Ўзбекистонда "Янгибод" баъзасида Туркия терма жамоаси сафида қўшма машғулотларда ҳам иштирок этганлигини айтиб ўтди.
Бирол Айгун ҳам ўзбекистон, Грузия ҳамда Туркия терма жамоаларининг "Янгиобод" баъзасидаги қўшма машғулотларида иштирок этганлигини ва Фанат Қаҳрамонов билан дўстлигини маълум қилди ва ўз ўрнида Фанатнинг нега терма жамоа сафидан ўрин олмаганлигини сўради.
Биз эса, унга етарли имконият берилганлигини ва бу вазн тоифасида жуда кўп кучли ва истеъдодли ёшларимиз бор, дея жавоб бердик. Шу тариқа, улар билан суҳбатимиз якунига етди.
"Mona Plaza" мехмонхонаси
Мини автобус ҳам етиб келди ва бизга бириктирилган "Mona Plaza" меҳмонхонаси сари йўл олдик. Белграднинг ўзига хос даҳасида жойлашган ушбу меҳмонхона ҳар жиҳатдан мукаммал ва шинамлиги билан бизни хурсанд қилди. Ҳозирча, бу ерда биз ва Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот котиби Азизбек Тўхтамуродов бўлиб турибди. Аммо тез орада сафимиз кенгаяди. Чунки, кўплаб ҳамкасбларимиз келиши кутилмоқда.
Биринчи кунги таассуротлар ва воқеликлар шулардан иборат. Бизни кузатишда давом этинг. Чунки қизиқарли саргузаштларимиз ҳали олдинда.
Фикрлар