"Бенфика" мутахассислари "Бунёдкор" таклифига кўра Тошкентга ташриф буюрди
Сўнгги йилларда “Бунёдкор” футбол клуби академияси фаолиятини янада яхшилаш, самарадорлигини ошириш, тизимни халқаро даражага олиб чиқиш йўлида кенг кўламли ва кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Зеро, академия жамоанинг эртаси, келажаги ҳисобланади.
Куни кеча “Бунёдкор” футбол клубининг расмий таклифига кўра, Португалиянинг “Бенфика” жамоаси мутахассислари Мигел Реис ва Давид Гомес пойтахтимизга ташриф буюрди.
Ташриф давомида аввало “Бунёдкор” академияси билан яқиндан танишган португалиялик меҳмонларимиз даргоҳда яратилган шароитлар, хусусан, табиий-сунъий майдонлар, бассейн, “тренажер зал”, тиббий марказ, ўқув-дам олиш хоналарига юқори баҳо берди. Танишувдан сўнг иккала жамоа расмийлари иштирокида музокара столига ўтирди.
Иккала жамоа расмийлари иштирокидаги учрашувда “Бунёдкор” ва “Бенфика” академиялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилинди. Жумладан, бу ҳамкорликка кўра “Бенфика” футбол академияси ўқув машғулот дастурини “Бунёдкор” академиясида қўллаш, истеъдодли тарбияланувчиларимизни Португалияга жўнатиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Тез орада ушбу ҳамкорлик бўйича якуний қарор қабул қилинади ва “қалдирғочлар”нинг Европа сари парвози бошланади.
Фикрлар