"Бетараф майдонда ўзимизни худди сафардагидек ҳис қиламиз". "Металлург"нинг натижалари Колосовский бошчилигидига ҳам ўнгланмаяпти. Нега?

“Металлург” клубида иккинчи давра олдидан ўзгаришлар қилинган бўлса-да, клуб ҳамон Суперлигада ғалабасиз сериясини давом эттирмоқда. Бу сафар бекободликлар Олмалиқда “Динамо”ни қабул қилди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришди. “Металлург” бош мураббийи Григорий Колосовский бир қанча саволларга жавоб қайтарди.

- Оғир ўйин. Самарқандиклар биринчи бўлимда бироз бўлса ҳам устунликка эришди. Иккинчи таймда эса ташаббусни ўз томонимизга оғдириб олдик. Лекин гол ўтказиб юборганимиз камлик қилганидек ўзимиз голга тортадиган хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Шунинг эвазига ҳам мағлубиятга учрадик, деб ҳисоблайман. Дарвозамизга гол урган пайтда бир қанча футболчиларимиз гуруҳ бўлиб хатога йўл қўйишди. Бурчак тўпи ўйинга киритилаётган маҳалда улар ўзларини бундай тутишлари керак эмасди. Энди йўл қўйилган хатоларни биргаликда ўрганиб чиқамиз ва бундан кейинги учрашувларда шундай хатоларга йўл қўймасликка, ўзимиз яратадиган хавфли вазиятлардан самарали фойдаланиш устида ишлаймиз

- Яқинда ФИФА кунлари бошланади ва чемпионатимизда бироз танаффус бўлади. Шу вақт давомида қандай ишлайсизлар? Жамоада ниманидир ўзгартира оласизми?

- Қандай ишлайсизлар, дейсизми? Жамоавий ўйин борасида иш олиб борамиз. Боя айтганимдек, ўйинлар пайтида имкониятларни юзага келтиряпмиз. Аммо аксига олиб сира самарали фойдалана олмаяпмиз. Ғалабага эса гол урмасдан эришиб бўлмайди. Бизнинг асосий муаммоимиз ҳам гол ура олмаётганимизда.

- Жароҳат олган Забиҳилло Ўринбоев аста-секин майдонга қайтяпти. Унинг ҳозирги ҳолати қанақа?

- У яқинда жароҳатини тузатиб майдонга қайтган. Шунинг учун яна ўша жароҳатини бошқатдан янгилаб олмаслик учун қўрқиб, ўзини эҳтиёт қилиб майдонда ҳаракат қилмоқда. У эса бизга ҳужум чизиғида керак.

- Раҳбарият тарафидан олдингизга қўйилган мақсад қандай?

- Асосий вазифамиз нима бўларди? Суперлигада ўрнимизни сақлаб қолмоқчимиз холос.

- Жамоани Бекободда ўйнай олмаётгани “Металлург”нинг натижаларига таъсир кўрсатяпти, деб ўйлайсизми?

- Ёмон раққосга саҳна торлик қилади, деган мақол бор. Биз яхши, сифатли майдонда машғулотларни ўтказяпмиз. Лекин нимагадир ўйинлар чоғида хавфли вазиятларни юзага келтирсак ҳам булардан фойдалана олмаяпмиз. Асосий  муаммо биз учун шу бўлиб қолмоқда. Мухлисларимиз ҳам ўйинимиз кўнгилдагидек чиқмаётганидан норози бўлаётганлари тушунарли. Бироқ уларнинг хафсаласини пир қилиб қўймасликка ҳаракат қиламиз. Бекободдаги стадион дренажлари билан яхши. Шу боис уйдаги учрашувларимиз худди сафардагидек ўтмоқда. Яъни, бизни қўллаб-қувватлаш учун оз сонлик мухлислар келяпти. Шундай бўлдики, биз ўтказилган 17 ўйинни барчасида ўзимизни сафарда тўп сургандек ҳис қиляпмиз. Бу нима билан боғлиқлигини билмайман. Ҳозир майдоннинг ҳолати қандай эканлигини ўзингиз кўринг. Икки ёқлама стандарт ҳолат юзага келмоқда. Бу нима билан боғлиқлигини билишни жуда истаган бўлардим. Биласизми, дренажли майдонда ҳам ўйнашнинг ўзига яраша плюс ва минуслари бор. Агар дренажли майдонга ўтадиган бўлсак, яна бир йил тўп суриб унга кўникишимизга тўғри келади. Албатта, молиявий жиҳатлари ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Бу мавзуни бир четга суриб қўяйлик. Иқтисодий томондан ҳам бу жамоага қўшимча муаммолар туғдириши табиий. Бир сўз билан айтганда, ўз майдонимизда ўйнамаяпмиз. Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши йўқ экан, ўйинимиз ҳам шунга яраша чиқаверади. Бетараф майдонда ўзимизни худди сафардагидек ҳис қиламиз. Яна такрорлайман: Бекободдаги стадион сифатида жуда яхши. Агар ҳамма уй учрашувларни Бекободда ўтказсак, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари остида натижаларимиз ҳам бутунлай бошқача бўлармиди?! Биз эса уларни бундай имкониятдан бебаҳра қилиб қўймоқдамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!