Биласизми? Шомуродов бу клубга ўтса, ЕЧЛда ўйнаши мумкин
Сўнгги пайтларда “Рома” ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг келажаги кенг муҳокама қилинмоқда.
Аввалига футболчига “Болонья” қизиқиш билдирди. Кейин эса Италиянинг бошқа жамоалари “Торино”, “Сампдория” ва “Сассуоло” каби клублар ҳам Элдор борасида “Рома” билан музокара олиб боришга ҳаракат қилди. Шунингдек, терма жамоамиз сардорига Англиянинг “Вулверхэмтон” клубидан ҳам таклиф бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Аммо ҳеч қайси клуб Шомуродов борасида римликлар билан келиша олмаяпти.
Қолаверса, турк нашрлари хабарига кўра, “Трабзонспор” ҳам ўзбек форварди учун курашга кирган. Сўнгги янгиликларга кўра, “қизил-кўклар” футболчининг бир йиллик ижараси учун “Рома”га 1 миллион евро тўлашга ҳам тайёр.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, агар Элдор турк клуби сафига ўтса, Европа Чемпионлар лигасида ўйнаш имкониятига эга бўлади. Айни пайтда “Трабзонспор” мусобақанинг саралаши сўнгги босқичида иштирок этмоқда.
Бу босқичда трабзонликларга “Копенгаген” рақиблик қилади. Агар турк клуби данияликларни мағлуб этса, ЕЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.
Маълумот ўрнида, Чемпионлар лигаси саралаш плей-офф босқичининг дастлабки ўйинлари 16 ва 17 август кунлари, жавоб ўйинлари эса 23 ва 24 август кунлари бўлиб ўтади.
Фикрлар