Биринчи давра якунларига кўра "Навбаҳор"нинг энг яхши футболчилари кимлар?
“Навбаҳор” давралар оралиғидаги танаффусга турнир пешқадами сифатида чиқиб кетди.
Албатта, бундай ижобий натижага эришиш ортида клуб раҳбарияти, жамоа мураббийлар штаби ва футболчиларнинг улкан меҳнатлари самараси ётибди.
Маълумки, ғалаба қозонишда ўйинларда фаол ҳаракат қилган ўйинчиларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.
Хўш, “Навбаҳор”нинг Сoca Cola Суперлигаси 1-даврасидаги баҳсларда кимлар энг яхшилар қаторидан жой олди?
“Навбаҳор”нинг ортда қолган 13 та баҳсидан 8 тасида "лочинлар" жамоаси аъзолари Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) томонидан учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилишди.
Қолган 5 та ўйинда рақиб ўйинчилари шундай эътирофга сазовор бўлишди.
Ортда қолган баҳсларда “Навбаҳор”нинг 2 нафар ярим ҳимоячиси - 22 ёшли маҳоратли Остон Ўрунов ва 29 ёшли тажрибали Жамшид Искандеровлар ЎзПФЛ томонидан учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилишди.
Ўрунов 6 марта, Искандеров эса 2 марта комиссарлар томонидан энг яхши, дея эътироф этилди.
Жамшид Искандеровнинг “Гол+пас” тизимида 7 очко билан “Навбаҳор”да пешқадамлик қилаётганлиги, Остон Ўрунов эса 5 та гол билан “лочинлар” тўпурари бўлиб турганлиги бежизга эмас, албатта. Ушбу эътирофларнинг ортида мазкур ўйинчиларнинг муносиб меҳнатлари самараси ётибди.
Фикрлар