"Биз зоналарни беркитиш билан овора бўлдик, Даврон атайин қилгани йўқ" - Колосовский дебют ўйинидаги дуранг ҳақида

Суперлига 14-туридан ўрин олган "Металлург" – "Локомотив" (1:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Григорий Колосовский матбуот анжуманида иштирок этди.

- Биз учун ўйин эрта қизил карточа сабабли оғир кечди. Йигитлар, бор кучи билан ҳаракат қилди. Ўйинимизни қайта қуришга мажбур бўлдик. Менимча, бизга керагидан ортиқ иштиёқ ҳам панд берди. Қарши ҳужумлар чоғида 3 та имкониятимиз бўлди ва улардан фойдаланашимиз керак эди. 

- Натижадан норозимисиз? 

- Албатта, ҳисобдан кўнглим тўлмади. Турнир жадвалида айтарли ўзгариш бўлгани йўқ. Бугун 6 очколик баҳс эди. Менимча, икки томонни ҳам бу қаноатлантирмади. Ўйин сифатида борасида рақибда ҳам, бизда ҳам етарлича муаммолар борлиги кўринди. Йигитлар бугун беллашувни муносиб тарзда тугатиб қўйиш учун жанг қилди. 

- Қизил карточка борасидаги фикрингиз қандай? 

- Ҳали томоша қилганим йўқ. ВАР берган қарор асосида четлатилди. Даврон атайин қилгани йўқ. Балки, сариқ карточка билан кифояланиш тўғри бўлган бўлар эди. 

- Жамоага келган янгилардан кўнглингиз тўлдими? 

- Исталган мураббий норози бўлиши аниқ. Йигитларга ўзини намойиши этиши учун вақт керак. Бугун, ҳимояда жуда яхши ҳаракат қилдик. Қолган позицияларда бундай дея олмайман. 

- Нима деб ўйлайсиз, жамоани элитада олиб қолишга улгурасизми? 

- Биз учун ҳар бир ўйин финалга тенг. Мен йигитларга буни уқтирмоқчи бўляпман. Афсуски, бугун 6 очколик ўйин эди. Энди, Жиззаҳда жанг қилишимиз керак. Нафақат Жиззахда, балки барча ўйинда сифат ва натижани яхшилаш лозим. 1:1 бугун мени қаноатлантирмади. 

- ВАР сабабли бугун ўйиннинг анча пайт тўхтаб қолганини кўрдик. Нима деб ўйлайсиз, ВАР футболни гўзалликдан маҳрум қилмаяптими? 

- Шундай дейиш мумкин, аммо у ўйинда бўлиши керак. Бугун 87 дақиқа давомида қарши ҳужумда ҳаракат қилишга мажбур бўлдик. Агар таркиб тенг бўлганида, жамоалар умуман бошқача футбол кўрсатган бўлар эди. Биз зоналарни беркитиш билан овора бўлдик. Менимча, ВАР ўйиннинг тезлигини камайтирмоқда. Буни ўзига хос ижобий ва салбий томонлари бор. Масалан, бугун у ёрдамида пенальти ишлаган бўлсак, сал аввалроқ қизил карточка кўрсатилди. Умид қиламанки, элитадаги ўринимизни сақлаб қоламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!