Боатенг фаолиятини Италияда давом эттириши мумкин
Ёзги трансферлар ойнасида "Лион" билан хайрлашган ва эркин агентга айланган германиялик ҳимоячи Жером Боатенг Италия клуби билан шартнома имзолаши мумкин.
Инсайдер Фабрицио Романо хабар беришича, "Салернитана" 35 ёшли футболчи билан музокаралар олиб бормоқда. Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида салерноликлар ҳимоячини ўз таркибига қўшиб олишга фаол ҳаракат қиляпти. Аммо ҳали томонлар келишувга эришгани йўқ.
Боатенг ёзда "Бавария" билан машғулотларда қатнашди ва жамоа у билан шартнома имзолаши мумкинлиги борасида миш-мишлар чиққанди. Аммо бундай бўлмади. Шунингдек, унга Германиянинг бошқа бир клуби "Хайденхайм" ҳам қизиқиш билдирган.
"Салернитана" айни пайт Италия А Серияси турнир жадвалининг 20-ўринини банд қилиб турибди. Жамоа ҳозиргача атиги 2 марта ғалаба қозонган. Шу билан бирга, кетма-кет 5 та матчдан бери фақат мағлубиятга учрамоқда.
Фикрлар