Бобур Йўлдошев: "Ортга қайтиш ҳақида ҳали ўйлаганим йўқ"
Билсангиз керак, Бангладеш чемпионатида ҳам ўзбекистонлик футболчилар фаолият олиб боришмоқда.
Айниқса, мухлисларимизга анча яхши таниш бўлган Бобур Йўлдошев ва Асрор Ғофуровни алоҳида эътироф этиш мумкин. Улар маҳаллий “Башухандра Кингс”да тўп суришяпти. Ушбу клуб Бангладешнинг энг кучли ва чемпиона жамоасидир.
Яқинда яна бир ғолибликни қўлга киритди. Ҳамюртларимиз эса клуби билан Осиё майдонларидаги мусобақаларда иштирок этишмоқда.
Куни кеча Бобур Йўлдошев Sports.uz сайтига ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Бобуржон адашмасам, Бангладеш чемпионлигини қўлга киритдингиз. Ўзга юртда ғолиб чиқиш қандай экан?
- Йўқ ҳали, бу ерда чемпионат энди бошланди. Биз “Мустақиллик Кубоги”ни ютдик. Бангладеш чемпионати 2024 йилнинг июнигача давом этади.
- Ростини айтинг-чи, ғолибликни қўлга киритиши катта қийинчилик туғдирмадими?
- Кубок ўйинлари жуда осон деб айтмаган бўлардим. Ҳа, нисбатан осонроқ кечди. Чунки мен ўйнаётган жамоа Бангладешдаги энг яхши клуб ва бу ерда энг яхши футболчилар йиғилган.
- Бангладешда сизни нима ҳайрон қолдирди?
- Бангладеш одамлари ва кўчалари билан ҳайрон қолдирди. Ҳар доим одам кўп ва кўчалари тирбанд.
- Ортга қайтиш ниятингиз йўқми? Таклифлар борми?
- Ортга қайтиш ҳақида ҳали ўйлаганим йўқ. Жамоам билан амалда шартномам бор. Ҳа, таклифлар бор, албатта. Ўзбекистондан ҳам, бошқа жойлардан ҳам.
- Чемпионат савияси пастроқ. Сиз каби легионерлар ёрдамида мавқеини кўтаришмоқчи. Чиндан маҳаллий ўйинчиларнинг малакаси анча пастми?
- Тўғри, Бангладешда савия паст. Аммо футболни ривожлантиришга ҳаракат қилишяпти, албатта. Яхши легионерларни олиб келиб, чемпионатни кучайтиришмоқчи. Мен ўйнаётган клубда ҳам анчагина яхши савияли легионерлар йиғилган.
- Нима деб ўйлайсиз, бу фаолиятингизда ортга қадам ташлашми ёки...
- Ортга қадам ташлаш бўлиши мумкин. Ҳаммани ўзига боғлиқ. Савияси пастроқ чемпионатда ҳам ўзининг спорт формасини ушлаб турса бўлади. Лекин мен келган жамоада ҳамма шароитлари яхши.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар