Бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ўғил болалар ўртасидаги финал жангларини якунланди. Навбат қизларга...
Айни дақиқаларда Дубайда давом этаётган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал баҳслари давом этмоқда.
Ҳозирга келиб, ўғил болалар ўртасидаги ҳал қилувчи жанглар ўз якунига етди. Финал босқичига етиб келган 6 нафар ўғлонларимизнинг учтаси рақибларини мағлубиятга учратиб, Осиё чемпиони мақомини қўлга киритган бўлса, уч нафари эса имкониятни бой бериб қўйган ҳолда кумуш медални қўлга киритди.
Жумладан, 51 кг вазндаги ваиклимиз Аҳмаджон Қўзибоев ҳиндистонлик Бишваметра Чонгтхандан мағлубиятни қабул қилиб олган бўлса, -67 кгда Самандар Солижонов қозоғистонлик Абзал Серикка имкониятни бой бериб қўйди. Шунингдек, -86 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Диёрбек Ўралов ҳам Қозоғистон вакили Темирлан Мукатаевга мағлуб бўлди ва кумуш медаллар билан чекландилар.
-71 кгда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Аълохон Абдуллаев қитъа чемпионлиги учун Ҳиндистон вакили Жайдеб Рават билан жанг қилди ва муддатидан аввал нокаут билан ғалаба қозониш баробарида чемпионликни қўлга киритди. -92 кгдаги вакилимиз Нусратбек Тохиров муросасиз кечган жангда қозоғистонлик Мади Амировни мағлуб этиб, олтин медлга эга чиди. Ва ниҳоят энг оғир +92 кг вазнда Жаҳонгир Зокиров ҳам Қозоғистон вакили Даниял Сапарбаевни яққол устунлик билан мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон делегациясига навбатдаги олтинни қўшиб қўйди.
Ҳозирда қизлар ўртасидаги финал жанглари бўлиб ўтмоқда. Якуний натижаларни тез орада эътиборингизга ҳавола этамиз. Воқеалар ривожини бизда кузатиб боринг!
Фикрлар