Боксчиларимиз Николай Павлюков хотира турнирида 5 та медалга сазовор бўлишди
Турнирда Россия, Куба, Қозоғистон, Арманистон, Швейцария, Ҳиндистон, Филиппин, Қирғизистон, Грузия, Украина, Беларусь ва Ўзбекистон мамлакатларидан 113 нафар боксчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс Федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бугун мусобақада финал жанглари бўлиб ўтди. Эътиборлиси, -49 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шаҳзод Музаффаров қозоғистонлик Муҳаммадсобир Бозорбойулини мағлуб этди. -64 кг вазнли боксчимиз Асадхўжа Мўйдинхўжаев эса россиялик Аҳмадшох Маҳмадшоевдан устун келиб, олтин медалга эга чиқди.
Кеча ўтказилган жангларда Хуршидбек Расулжонов (-56 кг), Нурислом Исмоилов (-69 кг) ва Суҳробжон Кайимов (-75 кг) бронза медалига сазовор бўлганди.
Мусобақа якунларига кўра, терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида Россиядан сўнг иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликка Қозоғистон терма жамоаси якун ясади.
Фикрлар