Бош билан уриш мана бундоқ бўлади! Хет-трик қилган легионеримиз тўпурарлар пойгасида етакчига айланди

Қозоғистон премьер-лигасида “Актобе” шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев 10-турнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди.

“Жетису” жамоасига қарши ўтказилган учрашувда мезбонлар олтинчи дақиқада ҳисобни очган бўлишига қарамай, “Актобе” ўзбекистонлик легионер ҳаракатлари эвазига баҳсни катта фарқ билан якунлади – 1:5.

881f2-igor-sergeyev

Иродали ғалабага эришилган ушбу беллашувни бошланғич таркибда бошлаган Игорь Сергеев ўйинда хет-трик қайд этди. Эътиборлиси, у учала голни ҳам бош билан урди. Бу жаҳон футболида ҳам камдан-кам кузатиладиган ҳолат.  

Шу тариқа, Игорь Сергеевнинг Қозоғистон премьер-лигасида урган голлари сони олтитага етди. Бунгача, ҳужумчимиз “Тобол”, “Ордабаси” ва “Тараз” жамоалари дарвозасини ҳам ишғол қилганди. Айниқса, “Ордабаси”га қарши баҳсда майон марказидан урган голи анча шов-шув бўлгани ҳам бор гап.

“Актобе” Игорь Сергеев тўп киритган учрашувларда жами беш очкога эга бўлди. Умуман олганда эса, “Актобе” премьер-лига доирасидаги ўнта учрашувдан учтасида зафар қучди, уч марта дуранг ўйнади, тўрт бор мағлуб бўлди. Жамоа жами 12 очко тўплаган бўлса-да, Сертификация комиссияси тегишли талабларни бузгани учун клубдан уч очкони олиб ташлаган.

Ҳозирча, ушбу жамоа ҳисобида қолган 9 очко бор ва улар мусобақа жадвалида ўнинчи ўринда бормоқда.

Игорь Сергеев легионер сифатида биринчи бор хет-трик қайд этди. Шу орқали премьер-лига тўпурарлари пойгасида пешқадамлик қилаётган бразилиялик ҳужумчи Жоао Паулога етиб олди. Ҳар икки тўпурар ҳисобида олтитадан гол бор. Игорь фаолияти давомида аввал Хитой ва  Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатларида ҳам тўп терганини яхши биласиз. “Бэйцзин Гоань” жамоаси сафида 14 та ўйин битта гол урган бўлса, “Аз-Зафра” учун олтита баҳсда битта тўп киритган эди.

“Пахтакор” тарбиялаган Сергеев  Ўзбекистон миллий чемпионатлари тарихида “шерлар” таркибида энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади. У “Пахтакор”да жами 180 та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини 101 марта аниқ нишонга олган.

серг_1

Тажрибали ҳужумчи “Пахтакор” сафида тўрт карра Ўзбекистон чемпиони, икки карра мамлакат кубоги соҳиби, бир бор чемпионат бронза медали совриндори бўлган. Бундан ташқари, Игорь Сергеев 2015 йилги чемпионат якунларига кўра, мусобақанинг энг яхши тўпурари  унвонига сазовор бўлган эди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Игорь Сергеев айни пайтда “Женоа” шарафини ҳимоя қилаётган Элдор Шомуродовдан кейин иккинчи ҳужумчи ҳисобланади. Моҳир тўпурар мамлакатимиз бош жамоаси учун 54 та ўйинда, 17 та тўп киритган.

Шу ўринда, “Актобе”даги фаолияти Игорь Сергеев учун кучлироқ чемпионатларга ўтишида трамплин бўлиши кутиляпти. Яқинда футболчимизнинг агенти Игорга Европанинг кучли клубларидан таклифлар борлигини, трансфер бўйича муайян ишлар амалга оширилаётганини  тасдиқлаган эди.

IMG_7827

Шунингдек, Сергеевнинг агенти мижозига Осиёнинг гранд клубларидан ташқари, Руминиянинг икки жамоасидан аниқ таклиф бўлгани, бироқ ҳужумчининг ўзи олдига Европанинг кучлироқ чемпионатларида тўп тепишни мақсад қилиб қўйганини ҳам таъкидлади.

Transfermarkt ўзбекистонлик тўпурарнинг Англия клубига ўтиш имконини баҳолади!

А Серия скаутлари Шомуродовни мақтаяпти!

Икки клуб Ўрунов сабабли тортишяпти!

Шомуродовнинг ортидан ким боради?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!