Ботиралининг ботирларча ўйини ёхуд уч нафар дарвозабон ва бошқалар энг яхшиси!
Одатга кўра, турнинг энг яхшилари аниқланди. 23-турда ўзини кўрсатган футболчилар маълум. Уларнинг уч нафари эса дарвозабонлар.
“Олимпик” – “Қизилқум” – 0:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Ҳамидилло Абдунабиев
23-турни бошлаб берган “Олимпик” ва “Қизилқум” ўртасидаги баҳсда дарвозалар даҳлсиз қолди. Бунда эса “Олимпик” дарвозабони Ҳамидилло Абдунабиевнинг ҳиссаси катта бўлди. Истеъдодли посбон “Қизилқум”га қарши учрашувда ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди.
“Турон” – “Сўғдиёна” – 1:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Азиз Холмуродов
Суперлигада қолиш учун курашаётган “Турон” ниҳоят мағлубиятсиз сериясини тўхтатди. Ўз майдонида “Сўғдиёна”ни қабул қилган яйпанликлар ягона гол туфайли муҳим уч очкони қўлга киритишди ва охирги ўриндан бир поғона кўтарилди. “Насаф” афсонаси Зафар Холмуродовнинг ўғли Азиз Холмуродов ҳам дадаси каби ҳужумчи ва у ҳозирда ижара эвазига “Турон”да тўп суряпти. Азиз яхши таассурот қолдирди. Жиззахликлар дарвозасига киритилган ягона гол яратувчиси Холмуродов бўлди. У “Сўғдиёна” дарвозабонини хато қилишга мажбурлади ва тўпни олиб қўйганида Митрович Азизни йиқитди ва пенальти белгиланли. “Турон” ўша пенальти орқали ютди.
“Сурхон” – “Навбаҳор” – 1:2. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Ўткир Юсупов
Шубҳасиз, “Навбаҳор” дарвозабони Ўткир Юсупов энг яхшиси бўлди. У 90+10-дақиқада белгиланган пенальтини қайтариб “Навбаҳор”нинг уч очкосини сақлаб қолди. Жамоа сардори “Навбаҳор”ни қутқарди.
“Насаф” – “Металлург” – 2:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Ойбек Бозоров
Рўзиқул Бердиев жамоаси ўз уйида кутилганидек “Металлург”ни мағлубиятга учратди. Учрашувда ҳисобни очган Ойбек Бозоров якунда ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Тиниб-тинчимас қанот ярим ҳимоячи рақибга етарлича муаммолар туғдирди.
“Андижон” – ОКМК – 0:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Ботирали Эргашев
Абдунабиев ва Юсуповдан кейин яна бир дарвозабон Эргашев ҳам энг яхшилар қаторида эътироф этилмоқда. ОКМК посбони сафарда “Андижон”га қарши учрашувда фаол бўлди. Рақибнинг ҳужумларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатди. Асосийси, ўз вазифасини яхши бажарди. ОКМКни қимматли ғалабасида Ботиралининг ботирларча кўрсатган ўйинини алоҳида эътироф этиш лозим.
“Бунёдкор” – “Нефтчи” – 2:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Умид Султонов
Хоразм футболи афсонаси Вали Султоновнинг ўғли Умид Султонов “Бунёдкор”нинг халоскорига айланди. Футболчи “Нефтчи”га қарши учрашувда захирадан майдонга тушиб, охирги 90+5-дақиқада қарши ҳужумда рақиб дарвозасига гол уриб “қалдирғочлар”нинг муҳим ғалабасини таъминлади.
“Бухоро” – “Пахтакор” - 0:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Шахзод Азмиддинов
“Шерлар” Бухорода қимматли ғалабани қўлга киритган беллашувда марказий ҳимоячи Шахзод Азмиддинов энг яхши ўйинчига айланди. Мезбонларнинг ҳужумларини зарарсизлантиришда ушбу ҳимоячи фаоллик кўрсатди. “Пахтакор” учун борини бериб ўйнагани ва рақибга имконият қолдирмагани учун ҳам Шахзод алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар