Боян Цигер: "Ҳар бир рақибга ҳурмат билан ёндашиш лозим, Суперлигада осон ўйинлар бўлмайди"

Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси 12-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Металлург” ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг куни кеча 28 ёшни қарши олган сербиялик тажрибали ҳимоячиси Боян Цигер бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

ФИФА кунлари муносабати, яъни, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубоги – 2023 саралаш баҳсларида иштирок этгани боис, Coca Cola Суперлигасида салкам бир ойлик танаффус юзага келди.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ва жамоадошим Эҳсони Паншанбе тўп тепадиган Тожикистон термаларини Осиё кубоги - 2023 финал босқичи йўлланмасини қўлга киритгани билан табриклайман ҳамда келаси йилги мусобақада ушбу термаларга омад ёр бўлишини тилайман.

Таъкидлаганимдек, Ўзбекистон миллий чемпионатида салкам бир ойлик танаффус юз берганлиги боис, мухлислар жамоамиз иштирокидаги ўйинларни соғинишган. Шу боис, бўлажак баҳсда стадион ишқибозлар билан тўлади, дея умид қиламан. 

Беллашув борасида тўхталадиган бўлсам, гарчи “Металлург” айни пайтда турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган бўлса-да, ҳар бир рақибга ҳурмат билан ёндашиш лозим. Боиси, Суперлигада осон ўйинлар бўлмайди.   

Аммо биз эртанги баҳсда ғалаба қозониш, мухлисларга қувонч улашиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Фақат бунинг учун ишқибозлардан жамоамизни бевосита стадионда муносиб қўллаб-қувватлаб туришларини сўраб қоламан.       

Фурсатдан фойдаланиб, бизга барча шароитларни яратиб бераётган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, шунингдек. “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти, жумладан, клуб президенти Отабек Арифович Саматовга жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

“Навбаҳор” жорий мавсумда ўз олдига қўйган юксак мақсад, яъни, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун охиригача кураш олиб боради ҳамда буни амалга ошириш учун биз – футболчилар қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!