Бразилия Винисиуснинг бекор қилинган голи учун ФИФАга шикоят қилди
Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) "Жаҳон чемпионати–2026" доирасида ўтказилган ўйиндаги ҳакамликка норозилик билдириб, ФИФАга расмий шикоят йўллади.
Гуруҳ босқичи "С" гуруҳининг 3-туридаги Шотландия – Бразилия учрашувида (0:3) Жанубий Америка жамоаси ярим ҳимоячиси Винисиус томонидан 22-дақиқада урилган гол ҳисобга олинмади.
Шикоят хати Бразилия футбол конфедерацияси президенти Самир Хауд томонидан имзоланиб, ФИФА раҳбари Жанни Инфантино номига юборилган.
Ҳужжатда таъкидланишича, ВАР тизими фақат майдондаги ҳакам томонидан йўл қўйилган очиқ-ойдин хатоларни тузатиш учун қўлланилиши керак. Шу билан бирга, Хауд Мексикадан бўлган ҳакам Сесар Артуро Рамосни Бразилия терма жамоаси иштирокидаги учрашувларга қайта тайинламасликни сўраган.
Мазкур баҳсли эпизод 22-дақиқада юз берган. Винисиус рақиб ҳимоячиси Жек Хендридан тўпни жарима майдони яқинида тортиб олиб, дарвозабон билан юзма-юз чиқди ва гол урди. Аммо видеоассистентлар тавсиясига кўра, бош ҳакам Рамос эпизодни қайта кўриб чиқди ва Винисиус тўпни олиш пайтида рақибга нисбатан қоида бузган, деган хулосага келиб, голни бекор қилди.

Фикрлар