Бразилиялик юлдуз бадавлат клуб билан шартнома тузишдан бош тортди
“Ньюкасл” ярим ҳимоячиси Бруну Гимарайнс клуб раҳбариятига шартномасини узайтириш нияти йўқлиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, айнан шу сабабли “Арсенал” бразилиялик футболчини сотиб олиш бўйича ҳаракатларини фаоллаштиришга тайёр. Лондонликлар аввал бир неча бор рад жавобини олган бўлса-да, трансфердан воз кечмоқчи эмас.
Гимарайнснинг Англия Премьер-лигасининг энг бадавлат клубларидан ҳисобланган “Ньюкасл” билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзигача мўлжалланган.
“Арсенал” бразилиялик ярим ҳимоячини унинг жамоадоши Сандро Тоналига нисбатан устувор трансфер мақсади сифатида кўрмоқда ва тахминан 94 миллион евро миқдорида навбатдаги таклифини тайёрламоқда.
Бироқ “Ньюкасл” раҳбарияти футболчи учун омма олдида нарх белгилашни истамаяпти ва унинг қиймати бундан анча юқори бўлиши керак, деб ҳисобламоқда.

Фикрлар