"Бу биз учун катта муваффақият" - Анхель Лопес Бахтиёр Қосимовнинг Қатарга кетиши, "Сурхон"даги режалари ва жамоа ўйинини қандай тузаётгани ҳақида

Термизнинг “Сурхон” жамоаси ёзги тайёргарлигини давом эттиряпти. Таркибда айрим ўзгаришлар юз бераёганидан хабарингиз бор.

Куни кеча ярим ҳимоячи Бахтиёр Қосимов Қатарга кетди. Жамоага эса испаниялик легионерлар қўшилди. Клуб бош мураббийи Анхель Лопес шу ва бошқа масалалар бўйича Sports.uz сайтига интервью берди.

- Аввало, Бахтиёр Қосимовнинг Қатар клубига кетганига қандай муносабатда бўлдингиз?

- Унинг учун жуда ҳам хурсандман. Ушбу тузилган шартномани биз учун ҳам катта муваффақият, деб айтишим мумкин. Футболчининг мазкур шартномага имзо чекиши “Сурхон”даги ўйинлари орқали рўй берди. Яъни, бунга жамоамиздаги ажойиб ўйинлари сабаб бўлди, деб айта оламан. Аслида, у ўтган мавсумда “Андижон” билан қуйи дивизионга тушиб кетганди. Менинг “Сурхон”даги вазифам шундан иборатки, футболчиларни қайтадан кашф этишим, уларнинг қадрини қайтадан кўтаришим керак. Шу билан бир қаторда клубнинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмаслигимиз ҳам лозим.

анхел3

- Нима деб ўйлайсиз, унинг кетиши “Сурхон” учун жиддий йўқотишми? Унинг ўрнини қандай тўлдирасиз?

- Албатта, биз уни соғинамиз. Ўрни билинади. Аммо, барибир жамоа сифатида кучайиш ва ўзимиз учун керакли бўлган баъзи ўйинчилар билан шартнома тузишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

- Жамоангизнинг иккинчи даврага тайёргарлиги қандай кетмоқда? Бош мураббий сифатида қониқиш ҳосил қиляпсизми?

- Биз қаттиқ меҳнат қиляпмиз. Келажагим ҳақида жуда оптимистик кайфиятдаман. Бошида бир қатор муаммолар бор эди. Чунки мен янги мавсумга тайёргарлик жараёнининг ўртасида етиб келгандим. Бу лойиҳани бошлашда бироз қийинчиликларни келтирди. Бироқ ҳозирда ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Жамоани ўз ғояларим остида қураётганимни ҳис қилиб турибман. Умид қиламанки, биз олдинга ҳаракатланишда давом этамиз.

анхел5

- Клубга янги футболчилардан кимлар таклиф қилинди ва келишувга эришаётган ўйинчилар ҳам борми?

- Биз бир қатор футболчилар билан шартнома имзолашга ҳаракат қилиб кўрдик. Лекин уларнинг клублари билан битимлари борлиги сабабли бунинг иложи бўлмади. Аммо Испаниядан иккита ҳужумчи олиб келишга муваффақ бўлганмиз. Улар билан ҳужумкор футболда янада яхшироқ ўйин кўрсатишга умид билдириб қоламан.

- “Сурхон”да бахтлимисиз? Бу ерда ўйлаётган режаларингиз амалга ошяптими?

- Мен бахтлиман ва жуда ҳам хурсандман. Негаки, мустақил равишда фаолият олиб боряпман. Клуб раҳбарияти менинг ғояларимни ҳурмат қилмоқда. Тўлақонли аминманки, мен ва атрофимдаги барча ўзининг мақсадига тўғри йўналишда бормоқда. Ўз фикрларимни татбиқ этган ҳолатда “Сурхон” билан ишлашда давом этяпман. Ғояларимни баъзида ҳимоя қилишга ва ғояларим учун курашишга тўғри келади. Мақсадимиз албатта энг зўр клубни ташкил қилиш. Бу борада ишлашда давом этяпмиз.

анхел2

- “Сурхон”га келгач, жамоа ўйинини ўзгартиришга эришдингиз. Бу борада сизнинг имзоингиз кўриниб турибди. Айтинг-чи, футболчиларда аввало нимани ўзгартира олдингиз?

- Биз очиқ бўлишимиз лозим. Лекин шу билан бир қаторда ўз амбицияларимизни сақлаб қолишимиз керак. Ўз хоҳишимизни доим майдонда кўрсата олишимиз даркор. Ғалабага бўлган интилишимизни, режаларимиз ва мақсадларимизни майдонда намойиш эта олишимиз муҳим. Агар турли хил мақсадларга эришишни истасак, турлича методлардан фойдаланиб кўришимиз керак. Мен майдонда агрессив жамоани, юқори прессингни, яхши футболни ва айниқса рақибнинг ярим майдонида яна ҳам яхши ҳаракат қила оладиган жамоани кўришни истайман. Албатта, жамоа сифатида ўз футболчиларимни, таркибимни шакллантиришга эътиборимни қаратганман.

- Ўзбек мураббийлари орасида кимнинг иш услубини ёқтирасиз?

- Мен барчаларини ҳурмат қиламан. Ҳамма мамлакатларда бўлгани каби бу ерда ҳам турли хил услублардаги мураббийлар мавжуд. Энг муҳим нарса шуки, биз ҳаммамиз биргаликда ўзбек футболига киришиб кетишимиз керак. Ўзимиз шу ерда ишлаяпмизми, имкон қадар ўзбек футболини ривожланишига ҳисса қўшишимиз ва бунга қўлдан келганича ҳаракат қилишимиз лозим.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
24/07/2022 11:09
Нима ҳам - дийсиз. Ўз услуби ва фикрига эга бўлган мураббий. Омадини берсин!