Мундиалдаги муваффақиятсизликдан кейин футбол федерацияси раиси истеъфо берди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Саудия Арабистони футбол федерацияси президенти Ясир ал-Мишал мамлакат терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштироки ортидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги X саҳифасида маълум қилди.

Саудия Арабистони терма жамоаси гуруҳ босқичида Уругвай (1:1) ва Кабо-Верде (0:0) терма жамоалари билан дуранг ўйнади, Испанияга қарши баҳсда эса йирик ҳисобда мағлуб бўлди (0:4). Натижада жамоа гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади.

- Мен ва ҳамкасбларим Саудия футболига хизмат қилиш учун бор кучимизни ишга солдик, Ватанимиз ва мухлисларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга чин дилдан интилиб келдик. 

Бироқ миллий термамиз жаҳон чемпионатида кейинги босқичга чиқа олмагани – бизнинг умумий мақсад ва интилишларимизга мос келмайдиган натижа. Бу учун тўлиқ масъулиятни ўз зиммамга оламан ва термамизни анча муносиб ўринда кўришни кутган барча юртдошларимиздан узр сўрайман, – деб ёзди ал-Мишал. 

Унинг сўзларига кўра, у ўз ваколат муддати тугагунига қадар лавозимда қолмасликка қарор қилган.

- Мен жорий муддат охиригача ишни давом эттирмаслик ҳақида қарор қабул қилдим. Белгиланган тартиб ва қоидаларга мувофиқ, янги директорлар кенгашини сайлаш учун номзодлар кўрсатиш жараёнини бошлаймиз, – дея қўшимча қилди Ясир ал-Мишал.

Ясир ал-Мишал 2019 йилдан буён Саудия Арабистони футбол федерациясига раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!