"Бу ерда кутганимиздан яхшироқ" - "Андижон" ва "Бенфика" ўртасидаги ҳамкорлик қандай ривожланяпти?

Яқинда хабар берганимиздек, “Андижон” клуби Португалиянинг “Бенфика” жамоаси билан ҳамкорлик қилиш учун дастлабки қадамни ташлади.

Бир неча кун давомида “Бенфика” клубидан икки нафар мутахассис – Уго Рибейро ҳамда Давиде Гомес Андижонда бўлиб, бу ердаги футболга бўлган эътибор, болалар футболидаги шароитлар, умуман яратилган инфраструктурани кўздан кечирдилар.

Sports.uz мухбири “Бенфика” клуби вакиллари билан сафар таассуротлари ҳақида суҳбатлашди.

- Илгари ўзбек клублари билан “Бенфика” ўртасида ҳамкорлик қилиш учун қадам ташланмаганди. Сизлар учун бу ташрифдан кўзланган мақсад нималардан иборат?

Уго Рибейро: - Аввало, суҳбат учун раҳмат. Биринчи ўринда биз клуб раҳбари томонидан таклиф қилиндик. Бундан мақсад албатта ўзаро ҳамкорлик қилиш ва бунинг бандларини келиб олиш. Ёшлар футболини ривожлантириш мақсадида бу ердаги инфраструктурани кўриш вазифамиз эди. Нималар кам, қандай қўшимчалар қилиш керак, барчасини ўз кўзимиз билан кўргани келдик. Бизнинг асосий стратегиямиз ёшлар футболига эътибор бериш, уларни тарбиялаш ҳамда истеъдодларни етиштириб чиқариш. Буларни ҳам мақсади шундай. Натижада гапимиз бир жойдан чиқиб, ҳамкорликни бошлаяпмиз.

бенфика2_1

- Уч кун давомида Андижонда стадион, база, болалар футбол мактаби, умуман барчасини кўрдинглар. Дастлабки таассуротларингиз қандай? Муаммолар кўпми ёки....

Уго Рибейро: - Биз фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунё бўйича ишлаймиз. Шу боис бошқа мамлакатлардаги ҳолатларни ҳам кўрганмиз. Бу ерда ўзимиз кутганимиздан кўра яхшироқ. Тўғри, ҳали ўзгартирадиган, янгилик киритадиган ишлар бор. Шундай бўлса-да, яратилган шароитлар чакки эмас.

Давид Гомес: - Футболни яхшилаш учун болалар спортига эътиборни албатта яхшилаш керак. Бу ерда ҳар хил ёшдаги болаларнинг мактаб тўгаракларини кўрдик. Туманларда 13 та футбол мактабининг филиаллари бор экан. Кўрдикки, сизларда ёш болаларга эътибор бор. Қачонки, ёшларга мана шундай эътибор юқори бўлса, яхши футболчилар чиқади. Мана шу ёшларга шароитларни янада яхшироқ қилишни хоҳлаётганинглар биз учун қувонарли.

- Сизларнинг ташрифинглар ҳақида матбуотда ҳам ёритиб борилди ва катта қизиқиш уйғотди. Андижонда “Бенфика” футбол академиясининг филиалини кўришимиз мумкинми?

Уго Рибейро: - Келишимизнинг асосий мақсади ҳам шу. Бу бир томондан сизларга ҳам боғлиқ. Ҳаракат бўлса, буни албатта амалга оширамиз.

бенфика3

- “Андижон” томонидан ҳамкорлик бўйича таклиф билдирилган дастлабки пайтда бунга қандай қарагансизлар? Ҳамкорликка рози бўлиш учун иккиланиш кузатилмаганми? Эшитишимча, музокаралар мураккаброқ кечган экан...

Уго Рибейро: - Бунга сабаб биринчи навбатда Covid-19! Бўлмаса, бунчалик чўзилмаган бўларди. Бошидаёқ келиб ўз хулосаларимизни айтардик. Биз ҳам вакцина олдик. Уни босқичма-босқич олиш учун ҳам вақт керак эди. Бизда сизларни ҳалоллигингларга, мақсадинглар аниқлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

- “Бенфика” раҳбариятининг бундай ҳамкорликка муносабати қандай?

Уго Рибейро: - Бу одатий қиладиган ишимиз. Биз дунёга тарқатмоқчимиз. Бизга қандайдир чуқур вазифа берилгани йўқ. Доимгидек, имконият бўлди ва шундан фойдаланяпмиз. Икки томон рози бўлиб турса, нимага бориб кўрмаслигимиз керак?

- Бунгача ўзбек футболи ҳақидаги тасаввурларинглар қандай эди? Футболимизга оид нималарни биласизлар?

Уго Рибейро: - Ўз кўзим билан кўрдим, Жанубий Кореяда ўйнаётган ўзбек ўйинчиси бор. У зўр ўйнаркан. Ўз вақтида Сколари “Бунёдкор”ни бошқарганини биламиз. Шунга ўхшаган янгиликларни ва Ўзбекистондан етишиб чиқаётган иқтидорли ўйинчиларни ҳам билардик. Қисман мана шундай маълумотларга эгамиз.   

бенфика5

- 2019 йили Португалиянинг “Насьонал” клубида ўзбекистонлик футболчи Сардор Рашидов тўп сурган. Бундан хабардормисиз? Дарвоқе, ўша пайтда “Насьонал” сафарда “Бенфика”га 10:0 ҳисобида ютқазганди...

Давиде Гомес: - Ҳа, уни биламиз. Фақат ўшанда уни ўзбеклигини билмасдик, бироқ Осиё томонлардан келганини эшитганмиз. Албатта, “Бенфика” “Насьонал”ни 10:0 ҳисобида ютганини жуда яхши биламиз.

- Энди бундан кейинги режа қандай бўлади?

Давиде Гомес: - Бу масала сир бўлиб турсин. Чунки ўз стратегияларимиз бор.

- Бу сизлар учун Марказий Осиёдаги биринчи ҳамкорлик ишими?

Уго Рибейро: - Марказий Осиёда биринчи марта. Унгача Хитойда ҳам айрим қилган ишларимиз бор.

- Дунё бўйича “Бенфика”нинг 13 та академияси бор. Клуб бундан керакли даражада манфаат кўряптими?

Давиде Гомес: - Уларнинг кўпи ҳозирча янги. Бунда узоқ вақт талаб қилинади. Ҳеч нимага шошилмаслик керак. Биргина талантли футболчини етишиб чиқишига йиллар керак. Кўп академияларни иш бошлаганига икки-уч йил бўлди. Кейин эса пандемия бошланиб қолди.

Уго Рибейро: - Имидж ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозир уруғ экяпмиз. Насиб бўлса, буни мевасини кўрамиз.

- Андижонда кўрган-кечирганларинглар орасида сизларни ёқимли маънода ҳайрон қолдирган нарса нима бўлди?

Давиде Гомес: - “Андижон” жамоасининг фан-клуби бизни ҳайрон қолдирди. Улар ўйин бошланмасидан олдиноқ қўллаб-қувватлашни бошлашди. Уларнинг фаоллиги бизни ўзига жалб қиляпти. Бу вазиятда мафтункорликни кўряпмиз. Футболда бу нарса жуда муҳим. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ўйинчиларнинг руҳини кўтаради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Узбек легионер
06/11/2021 01:37
Сал якинрокка осилсак булармиди...Бенфика каерда Андижон каерда?
Зенит,Спартак,ЦСКА
МДХ давлатлари чемпионлари билан алока килиш керак...
&
Rostgoy
01/11/2021 20:35
Курганмиз локомотив хам англияни жамоаси билан хамкорлик килувди булди. Тугади.