"Бу ерга келишимда Станоевич барча ишни амалга оширди" - "Насаф"нинг жаҳонгашта легионери ҳақида нималарни биласиз?
“Насаф” клуби анчадан бери яхши ҳужумчи қидириб юрганди. Яқинда бош мураббий Рўзиқул Бердиев ҳам жамоага хорижлик легионер келиши мумкинлиги ҳақида сўз очганди. Ниҳоят, куни кеча қаршиликлар ўз сафига сербиялик 34 ёшли ҳужумчи Андрия Калудеровични қўшиб олди.
Айтишларича, у кўп гол урадиган, яхши савиядаги ҳужумчи экан. Таъкидлаш мумкинки, “Насаф”нинг янги легионери юртимизга келгач, ўзининг илк фикрларини Sports.uz сайти учун билдирди.
Эшитишимизга қараганда, бу футболчининг “Насаф” клубига ўтишида жамоадоши Марко Станоевич бош-қош бўлган. Андрия билан мулоқотимизни аввало шу масала юзасидан бошладик.
“Салом яхшимисиз. Менга “Насаф” жамоасидан таклиф 7 кун аввал бўлганди ва мен бу чорловни қабул қилдим. Албатта, жамоадошим Марко Станоевич бу ерга келишимга асосий сабабчи. У “Насаф” жамоасига ўтишимда барча ишни амалга оширди. Бош мураббийга ҳужумчи керак эди. Натижада мени таклиф қилди. Станоевич билан Сербияда икки марта бирга тўп сурганман. У билан иккимизни яхши дўстлар деб аташ мумкин. Унинг мени жамоага таклиф қилиши дўстлигимиз билан боғлиқ эмас. Шунчаки, Марко менинг қандай ўйнашимни яхши билади. Шу сабабли “Насаф”да ижобий томондан ўзимни кўрсата олишимга менга ишонган", - дейди Калудерович.
Биз учун ҳам у янги легионер. Чунки Андрия илк бор Ўзбекистон чемпионатида тўп суряпти. Айни пайтда эса футболчи мослашиш жараёнида. Қизиқ, сербиялик ҳужумчи шу вақтга қадар юртимиз футболи ҳақида қандай маълумотларга эга эди?
- Очиғини айтадиган бўлсам, Ўзбекистон футболи ҳақида кўп нарсани билмасдим. Бу ерга келганимга кичик муддат бўлган бўлса ҳам ўзим учун баъзи керакли нарсаларни билиб олдим. Ўзбек футболини яқиндан ўзлаштиришимда Марко Станоевич яқиндан ёрдам беряпти.
Биз ушбу легионернинг фаолиятини кузатиб чиқдик. Рости, у шу қадар кўп клубларда ўйнаганки, очиғи, биз ҳам ҳайрон қолдик. Калудерович турли мамлакат ва қитъаларда тўп сурган. У ўйнаган клублар орасида машҳури Испанянинг “Расинг” клуби. Футболчи 20 дан зиёд жамоа шарафини ҳимоя қилган. У Австралия, Швейцария, Ҳиндистон, Қатар, Сербия, Таиланд, Словения, Хорватия, Литва, Хитой, Латвия каби мамлакат чемпионатларида фаолият кўрсатган. Энди ушбу рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор.
- Ҳа, мен жуда кўп давлатларда ва кўплаб клубларда ўйнаганман. Шу билан бирга фаолиятим мобайнида кўплаб голлар ҳам урганман. Мен ўйнаган клублар ичида машҳури “Ред Стар” ва бундан ташқари, Испаниянинг “Расинг” клубида ҳам тўп сурганман, буни яхши биласиз. Мен ишлаган мураббийлар орасида энг машҳури Сербия миллий терма жамоаси бош мураббийи эди. Шунингдек, терма жамоада деярли барча машҳур футболчилар билан бирга ўйнаганман. Қолаверса, Фредерико Кануте билан ҳам бирга тўп сурганман, - дейди легионер ушбу мавзу ҳақида.
Аммо тўғри, унинг статистикасида урган голлари ҳам анчагина. Кўриниб турибди, сербиялик ҳужумчи голга чанқоқ. “Насаф”га айнан шунақаси керак эди. Қолаверса, Рўзиқул Бердиев одатда яхши легионерларни танлай олади. Бунга мисоллар кўп. Узоққа бормайликда, Драган Черан ёки Марко Станоевични келтириш мумкин. Калудерович ҳам “Насаф” тарихидаги энг яхши легионерлар қаторидан жой олармикин?
- Эшитдим, Ўзбекистонда, айниқса, “Насаф”да мендан ҳам олдин бир қатор сербиялик ўйинчилар ўйнаган. Барчалари клуб учун катта ролни бажарганлар. Улар жуда яхши ўйинлар ўтказишган. Мендан ҳам шуни кутишаётганини биламан. Жамоамга қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Бу йўлда ҳеч қанақа муаммо кўрмаяпман ва фаол тарзда голлар уришга ҳаракат қиламан. Бунинг учун машғулотларда ҳам ўзимни кўрсатаман деб ўйлайман, - дея жавоб берди, ҳужумчи.
Дарвоқе, “Насаф”нинг янги футболчиси бошқалар қатори рус тилида эмас, балки инглизча сўзлашади. У янги жамоасига мослашишда янада қийинчиликлар дуч келиши мумкин. Бироқ Андрия бу масалада жиддий хавотири йўқлигини маълум қилган ҳолда шундай деди:
- Мен ростдан ҳам инглиз тилида гаплашаман. Жамоада деярли ҳем ким инглиз тилида гаплашмайди, машғулотлар давомида ҳам. Аммо бу мен учун муаммо эмас. Мен янги нарсаларни ўрганишга доим чанқоқман. Жамоадошларим билан мулоқотга киришиб кетиш учун янги нарсаларни ўрганишдан қайтмайман.
Калудерович “Насаф”даги дебютини “Локомотив”га қарши ўтказди. Афсуски, унинг дебюти омадли чиқмади ва жамоаси мағлубиятга учради. Легионер эса “Насаф” сафида 99-рақамда тўп суряпти. Бу хусусида шундай деди:
- Ҳа, мен “Насаф”да 99-рақамни танладим. Сабаби, “Ред Стар”да ўйнаганимда шу рақамда жуда кўплаб голлар урганман. Бир мавсумда 20 та гол уриб тўпурар ҳам бўлгандим. Менга 9 ва 99-рақамлар ёқади. Аммо иккисидан бирини танлаш керак бўлса, мен 9-рақамни танлаган бўлардим.
Фикрлар