"Бу ҳақида камроқ гапириляпти, лекин..." ёхуд Рўзиқул Бердиев учун 2-ўрин муҳимми ёки Кубокми?
“Насаф” клуби АГМКга қарши драматик тарзда кечган учрашувдан кейин Ўзбекистон Кубоги финалига чиқди. Ҳал қилувчи баҳсда Рўзиқул Бердиев жамоаси “Пахтакор” билан майдонга тушади.
“Насаф” устози бўлажак финал, жамоасининг имконияти, ОФК Кубоги финалидаги мағлубият ва яна бошқа масалалар бўйича Sports.uz мухбирига интервью берди.
- “Насаф” бу йилги мавсумни Самарқандда “Пахтакор”га қарши ўйин билан бошлаганди. Қизиғи, 2021 йилни яна Самарқандда, яна “Пахтакор” билан ўйин орқали якунлайди. Сизнингча, бу тасодифми ёки тақдир ҳазилими?
- Иккала жамоани ҳам муносиб, деб ўйлайман. Чемпионатда ҳам, бошқа ўйинларда ҳам “Пахтакор” билан “Насаф” ўз даражасини кўрсатяпти. Ўйлашимча, бу нарса тасодиф эмас. Икки жамоа ҳам бунга ҳақли эришди. Лекин биз жуда қийин ўйинларни ўтказиб финалга чиқдик. “Сўғдиёна”, АГМК каби клубларни мағлуб этдик. Энди финалда ғалаба қозониш учун бор маҳоратимизни сарфлаймиз.
- “Пахтакор” клуби финалгача биттадан гол уриб, етиб келди. “Насаф”да эса сермаҳсуллик юқори. “Металлург”га 5 та, Сўғдиёна”га 1 та ва АГМКга 2 та гол урди. Бу статистика сиз учун нимани англатади? Финалда ҳаммаси бошқача бўладими?
- Бу “Пахтакор” жамоасининг маҳоратини ҳам англатади. Гол ўтказмасдан кейинги босқичларга чиқишнинг ўзи бўлмайди. Финал битта ўйиндан иборат ва икки жамоа ҳам бор кучини беради. Ўйлайманки, бизнинг йигитларимизда мотивация кўпроқ бўлади. Чунки “Пахтакор” футболчилари кўплаб совринларга эга чиққан. Аммо менинг ёш ўйинчиларимда Кубок йўқ. Шу боисдан, футболчиларимда мотивация юқори бўлади.
- Қўл остингиздаги шогирдларингизда ОФК Кубогини ютиш имконияти бор эди. Аммо бу қўлдан бой берилди. Энди бўлса, Ўзбекистон Кубоги финали турибди. ОФК Кубоги финалидаги мағлубиятдан кейин жамоангизга қандай мотивация беряпсиз?
- Жамоамиз руҳий тарафдан анча ўсишга эришди. Асосий мақсадларимиздан бири ёш йигитларимиз ҳар тарафлама ўсишлари керак эди. Бундан жуда хурсандмиз. ОФК Кубогини эслатдингиз, ҳаммамиз ўша турнирни ютишни жуда хоҳлагандик. Лекин ўша куни ҳаммаси биз кутгандек бўлмади. Ўйин бошланиши ҳам кўрганинглардек яхши кечмади. Тан олиш керак, йил бошида “Насаф” жамоасининг бундай кўрсаткичини ҳеч ким кутмаганди. Буни мўъжиза, деб айтишлари ҳам мумкин. Жамоамнинг ҳозирги кўрсаткичидан мураббий сифатида жуда хурсандмиз. Таркибдаги ўзгаришларга қарамасдан, бир йил ичида финалларда ўйнаш осон эмас. Клубда олиб борилаётган ишлар тўғри йўлга қўйилганидан дарак. Имкониятимиз бор экан, ҳар биридан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Албатта, ҳеч қайси ўйин осон бўлмайди. Аммо битта учрашувда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
- “Насаф”ни иккита ўйини қолди. Чемпионатнинг охирги тури ҳам, Кубок финали ҳам жамоангиз учун ўта муҳим. Чунки Суперлигада иккинчи ўрин учун курашяпсизлар, Кубокни эса ютмоқчисизлар. АГМКга қарши оғир учрашувдан кейин футболчиларингизни тайёрлаш мураккаб бўлмайдими? Мураббий сифатида сизда босим борми?
- Албатта, биринчи навбатда йигитларимизда жисмоний тарафдан толиқиш бўлиши мумкин. Аммо футболчиларда мотивация бўлади. Бу ҳақида улар билан кўпроқ гаплашяпмиз. Агар руҳий томондан тушкунликка тушиб қолганимизда ОФК Кубоги финалидан кейин ўзимизни йўқотиб қўйган бўлардик. Ўйинчиларимиз буни тўғри тушунишди ва тўғри қабул қилишди. Бизнинг ёш футболчиларимиз учун финалда ўйнашнинг ўзи ҳам катта гап эди. Биз ҳам ОФК Кубоги финалидаги мағлубиятни тўғри қабул қилдик. Аммо футболимиз учун ютуқ тарафлари ҳам бўлди. Молиявий томони ва клубларимиз учун квоталарнинг ошишига хизмат қилиши ажойиб. Бу ҳақида камроқ гапириляпти, лекин шу нарса ҳам футболимиз учун ютуқ бўлди. Шу сабабли йигитларимизни қониқтирадиган тарафлари ҳам бўлди.
- Фараз қилинг, олдингизда турган иккита вариантдан бирини танлашингиз керак. Суперлигада 2-ўрин ёки Кубок соҳибига айланиш! Агар танлаш керак бўлганида қайси бирини кўпроқ хоҳлардингиз?
- Футболчиларимиз билан гаплашганмиз ва уларнинг ҳам бунга иштиёқи баланд. Яъни, биз медал қўлга киритишимиз керак. Ўзимизга ҳам боғлиқ эмас-ку, лекин қайси медаль бўлса ҳам қўлга киритишимиз лозим. Албатта, бор эътиборимизни Кубок учрашувига ҳам қаратамиз. Тез-тез ўйинлар ўтказаётганимиз ва мавсумнинг охири бўлгани учун ўйинчиларимизда толиқиш бордир, битта таркибга эгамиз. Аммо ўйинларда босимсиз ўйнашга ҳаракат қиляпмиз. Буни йигитлардан ҳам сўраяпмиз ва улар уддалаяптилар. Албатта, қайси бирини танлаш ҳақидаги савол қийин. Чемпионатда охирги учрашувни ўтказганимиздан кейин финалга тайёргарлик кўришимизга вақтимиз бўлади.
Фикрлар