Бу жамоа Шомуродов ёрдамига муҳтож! Элдорни бошқа клубда кутишяпти!
Италия футболини ёритишга ихтисослашган buoncalcioatutti.it сайти асосчилари ва муаллифларидан бири – таниқли журналист Алессио Семино Италия чемпионатида ўйнаётган легионерлар ҳақида берган интервьюсида Элдор Шомуродов ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Sports.uz портали мазкур интервьюнинг Элдор Шомуродов ҳақидаги қисмини эътиборингизга ҳавола этади.
- Сиз Элдор Шомуродовга алоҳида ҳурмат билан қарайсиз. У “Женоа”да ёрқин ўйинлари билан ўзини кўрсатди ва кейинчалик Моуриньонинг “Рома”сига ўтиб кетди...
- Сиз ҳақсиз. Мен ҳамон Шомуродовга алоҳида эҳтиром ва эътибор билан муносабат қиламан. Унинг фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Бу ҳужумчи ҳозир “Женоа”га жуда асқотган бўларди. Клубни тарк этгани ачинарли бўлди.
Янги бош мураббий Блессин аввалги мутахассислар даврида юзага келган инқирозли вазиятни қисқа фурсатда тўғрилашга эришди. Деярли ўтиб бўлмайдиган ҳимоя чизиғини шакллантирди. Бироқ, ҳужумда ҳамон катта муаммолар кўзга ташланяпти.
“Женоа”га голлар етишмаяпти ва бунинг ортидан А Серияда жон сақлаб қолиш учун зарур бўлган керакли очколар ҳам келмаяпти. Бу ҳолатда Шомуродовга катта эҳтиёж сезилмоқда!
Чунки Элдор ўзи гол ура оладиган ва энг муҳими, жамоанинг босимини кучайтирадиган фойдали футболчи ҳисобланади. Ҳар ҳолда “Женоа”да шундай эди. Бу ерда Элдор ўзининг ҳақиқий ўрнини топган эди, шаҳарга ҳам мослашганди.
Унга мухлислар ажойиб муносабатда эди. Аслида “Женоа” тиффозиларига қисқа муддатда ёқиб қолиш жуда қийин. Камтарин ва тарбияли, меҳнаткаш ва профессионал бўлган Шомуродов бу клубга идеал даражада мос эди.
Шомуродовнинг “Рома”даги ишлари нега юришмаяпти?
Буни охиригача тушуниб етиш учун вазиятни ичидан билиш ва унинг ўзи билан бевосита мулоқот қилиш керак. Мен “Женоа” ичидаги ва атрофидаги ҳодисаларни яхши билан, лекин "Ром“" ва Рим менинг ваколатимдаги ҳудуд эмас.
Ташқаридан қараганда, Шомуродов “Рома”да ўзини ноқулай сезаётгандек кўриняпти. Бу ҳам ўйин нуқтаи назаридан ҳам инсонийлик жиҳатидан. Бу менинг субъектив фикрим холос ва уни бирор кимга боғлай олмайман.
Элдор “Женоа”да ўйнаганида унинг кўзи чақнар эди!. Ҳозир у менга бироз хомушдек кўринмоқда. “Женоа”да Элдорга катта ишонч билдиришарди, унинг ўзи ҳам жамоа учун муҳим эканини ҳис қиларди. Ижтимоий тармоқларидан ҳам у Генуяда ўзини яхши ҳис қилаётганини билиш мумкин эди.
Ҳозир Моуриньо уни айрим вазиятлардагина ўйинга туширяпти ва бу хафа қилмай қолмайди.
Мен Элдорга майдонда тезроқ ўзига ишончни қайтаришини тилайман. Чунки у ўзининг меҳнаткашлиги ва профессионаллиги билан кўпроқ ўйнашга лойиқ. Балки, ҳозирги “Рома” унинг жамоаси эмасдир, у ўзини бошқа жамоада кўрар. Нега шундай бўлмаслиги керак. Шомуродов доим ўйнаши керак ва мен унинг фаолиятини мароқ билан кузатиб бораман.
Элдор Шомуродов Италиядаги дебют мавсумида “Женоа” сафида А Серияда 31 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини саккиз маротаба ишғол қилган эди. Ўтган йили ёзда “Рома”га кўчиб ўтган ҳамюртимиз Жозе Моуриньо қўл остида асосан захирадан майдонга тушмоқда. Элдор Рим клуби сафида барча турнирларда тўртта гол урди холос.
Фикрлар